Унутмангки, қўл заргарлик кўргазмаси эмас, 3-4 та олтин узук бу ортиқчалик дегани. Кетма-кет иккита тилла узук тақиш ҳам меъёрга мос эмас.
Энг тўғри танлов учликдан иборат: зирак, узук ва занжир; зирак, тўғноғич ва билагузук; зирак ва иккита узук. Безаклар ҳажми қанча катта бўлса, сони шунча камроқ бўлиши керак. Акс ҳолда, кўринишингиз бетартиб ва пала-партиш ҳолатга келади.
Нозик бўй-бастли гўзаллар ўртача катталикдаги безакларда тўхтаганлари маъқул. Йирик шодалар, оғир зираклар эса беўхшов кўринади. Бироқ ҳаддан зиёд майда деталлар жудаям ориқ ва нимжон қилиб кўрсатиши ҳам мумкин. Кичик ва нозик қизларга унча катта бўлмаган, ёрқин рангли шаффоф ва яримшаффоф тошли шокила зираклар ёки диаметри 1 см.дан ошмайдиган гулсимон деталли зираклар ярашади.
Тўлароқ қоматли хонимлар, сиз ингичка занжирлар, нозик билагузук ва жуда кичик зираклардан воз кечинг. Бу каби безаклар тўлаликни янаям таъкидлаб туради. Катта-катта зирак, билагузуклар, йирик мунчоқли маржонлар, ўта ёрқин бўлмаган ярим қимматбаҳо тошли узуклар (албатта, меъёр билан) қоматни сал озғин қилиб кўрсатиши мумкин.
Нормал қомат ва овал шаклдаги юз соҳибалари исталган турдаги тақинчоқларни танлашлари мумкин. Аммо бунда меъёрни унутманг, акс ҳолда, ташқи кўринишингиз янги йил арчасини эслатиб қўйиши мумкин.
Заргарлик буюмлари қоидалари
Ортиқчаликка йўл қўйманг. Саноқдаги камтарлик юқори сифатга ўтиш демакдир.
Хонимларнинг ёши қанча катта бўлса, бармоқлардаги тошлар шунча катта бўлиши керак.
Қимматбаҳо зеб-зийнатсиз оқшом либоси нотўкис кўриниш касб этади. Бу ерда жўн тақинчоқ (бижутерия)лар ўринсиз.
Либосдаги романтик услубни юмшоқ ва юмалоқсимон нозик безаклар безайди.
Ташқи кўринишингизга қатъийлик қиёфасини бермоқчи бўлсангиз, йирик, оғирроқ ва оддий безакларни танланг.
Юпқа ва қимматбаҳо матодан тикилган либослар олтиндан ишланган нозик тақинчоқларни талаб этади.
Бўйин қисми ёпиқ кофталарга маржон ва мунчоқлар, енги узун кофтага эса билагузуклар ярашмайди.
Классик услубдаги либос геометрик нақшли жиддий тақинчоқлар билан уйғунлашади.
Олтиндан ишланган оддийроқ безакларни кундузи, жимжимадор зийнатлар ёки тошлар билан безатилган буюмларни кечки пайт таққан маъқул. Олмос тошли соатлар оқшом ва тантаналар буюми саналади.
Қимматбаҳо тошлар билан безатилган маржонни шундай безатилган узук билан, ёрқин зиракларни тошли билагузук ёки соат билан тақиш ножоиз. Бир пайтнинг ўзида икки қўлда ҳам 3 тадан ортиқ узук бўлиши одобдан эмас.
Офисда катта ва ёрқин зийнатлар худди оқшом либоси каби ўринсиз. Бундан ташқари, «оиланинг олтин захираси» бўлган (барча тилла буюмларни осиб олган) хоним тадбиркор аёл ролига номзод бўлолмайди.
Буржлар тасвири туширилган кулонларни иш билан боғлиқ учрашувларда кишилар кўзидан пана қилганингиз маъқул. Ўринли вариант - нейтрал кўринишдаги медальон ва кулонлар.
Кумуш ва олтинни уйғунлаштириш осон эмас. Яхшиси, бу ишни заргарлик буюмлари дизайнерига қўйиб беринг. Ўзингиз эса тажриба қилишда эҳтиёт бўлинг.
Ҳар қандай вазиятда тақинчоқ ва безаклар танлашдаги бош ёрдамчи - нозик дид ва меъёр ҳиссидир.
Нафисахон тайёрлади.