2013 йилнинг 9 октябр куни Фонд Форум биносида III "Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда "Олтин гепард” кинофоруми директори Акбар Ҳакимов, машҳур режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баҳодир Одилов ҳамда Нигора Каримова журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
oltin-gerapd-matbuot2
2013 йил 19-24 октябр кунлари пойтахтимизда Art Week Style.Uz санъат ҳафталиги доирасида Фонд Форум томонидан "Ўзбеккино” миллий агентлиги кўмаги остида ташкиллаштирилган "Олтин гепард” учинчи Тошкент халқаро кинофоруми ўтказилади.
oltingepard-1
Учинчи "Олтин гепард” кинофоруми учун танловга киритилган филмьларни саралаб олиш босқичида саралаш комиссиясининг маҳаллий кинотанқидчилар, режиссёрлар, актёрлар, хорижий экспертлардан ташкил топган аъзолари 500 дан ортиқ тўлиқ метражли, қисқа метражли ва анимацион филмларни кўриб чиқишди. Улар орасидан танлов дастурига 11 та тўлиқ метражли, 13 та қисқа метражли ва 10 та анимацион фильм, жами 34 та картина танлаб олинди. Бу фильмлар орасида ўзбек филмлари ҳам бор, албатта. Булар: Ҳилол Насимовнинг "Тубанлик”, Собирназар Муҳамедовларнинг "Армонли дунё”, Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовларнинг "Балерина”, Анвар Сафаевнинг "Ит”, Азиз Аҳмеджановнинг "Ўн олтинчи уй” каби фильмларидир.
Ҳилол Насимов, режиссёр
-Танловга қўйилган фильмлар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмасман. Лекин "Тубанлик” филми саралаш босқичидан ўтганидан хурсанд бўлдим. Бу кутилмаган янгилик бўлди. Негаки, озбеккино миллий агентлиги томонидан ҳам кўплаб филмлар танлов учун тақдим этилганди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Яқинда Америкага танловга борганимиздан ва у ердан 2-ўринни олиб қайтганимиздан хабарингиз бор. Биласизми, танловнинг бошида бизнинг фильмимизга беписандлик билан қарашди. "Тубанлик” фильми қўйилгандан сўнг сал ўтмасдан саҳна жим бўлиб қолди. Наҳотки, ҳамма чиқиб кетган бўлса, деб қўрқиб кетдим. Филм сўнггида зал бирдан жонланиб, олқиш овозларини эшитганимдан сўнг ўзимни йўқотиб қўйдим. Фильм томошабинларга шунчалик ёққанидан жимлик бўлиб қолган экан. Ҳаттоки, "Сен умуминсоний муаммони кўтариб чиқибсан. Бу фақатгина сизларнинг эмас, барчанинг муаммоси” деган фикрларни, филм тўғрисидаги, унинг тарбиявий аҳамияти тўғрисидаги ижобий фикрларни эшитиб жуда ҳам мамнун бўлдим.
Шунингдек, матбуот анжуманида ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда саралашдан ўтган фильм номлари айтиб ўтилди. Саралашда фильмларнинг қизиқарлилигига, чуқур фалсафий маъно ифодалашига , янгиликка эгалигига, техник томондан юқорилигига (овоз, тасвир, актёрлар маҳорати) катта эътибор қаратилди.
"Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми доирасида танловдан ташқари қуйидаги дастурлар қабул қилинади:
-"Замонавий ўзбек киноси панорамаси” дастури;
-Франсия кино дастури;
-"Чех эртаги оламида” номли Чехия филмлари дастури;
-Ҳиндистон кино дастури;
-"Ҳақиқат вектори” ҳужжатли кино дастури;
-"Томошабин билан ҳамнафас” дастури (нодавлат студияларда суратга олинган фильмлар миллий фестивали).
Тошкент халқаро кинофорумининг фахрли меҳмонларидан маҳорат дарслари, иштирокчилар билан матбуот анжумани лойиҳа дастурига киритилган.
Хуллас, матбуот анжуманида кинофорумда номзодлиги қўйилган фильм номлари ва буни аниқлаб берувчи ҳакамлар ҳайъати аъзолари тўғрисида маълумот берилди.
Баҳодир Одилов, режиссёр, ҳакамлар ҳайъати аъзоси
-III "Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофорумини янада қизиқ ҳамда мазмунли ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Жорий йилда ёз бўйи қирқдан ортиқ мамлакатлардан келиб тушган фильмларни сараладик. Мен тўлиқ метражли фильмларни саралашда иштирок этдим. Бунга 110 дан ортиқ фильмлар келиб тушди.
Тўғрисини айтсам, фильмларнинг географияси жуда кенг. Бу қувонарли ҳол, албатта. Германия, Полша, Франсия каби кўплаб Европа давлатлари билан бирга Осиё давлатлари-Корея, Япония, Хитой, Эрон, Ветнамдан, қолаверса, Австралия қитъасидан, Лотин Америкаси давлатлари-Перу, Бразилия ва бошқа мамлакатлардан фильмлар келиб тушди. Улар бир-биридан қизиқарли ҳамда мазмунли. Бу фильмларни саралашда ,асосан, умуминсоний муаммолар очиб берилганлигига ҳамда томошабинбоплигига эътибор қаратилди.
Гавҳар Сиддиқова