Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи йигит “Одноклассники.ru” ижтимиой тармоғи имкониятларидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлди, дея хабар бермоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Хабар беришларича, йигит бир қизга тармоқ орқали “дўстлик таклифи”ни юборган, улар маълум муддат мулоқот қилишган, бу орада қизнинг ишончига кирган йигит қизнинг суратларини ўз компьютерига юклаб олган.
Сўнг “Одноклассники”да ўша қиз номидан янги профил очиб, унинг суратларини юклаб, суратлар ёнига “инсон шаъни ва қадр-қимматни таҳқирловчи сўзлар”ни ёзиб қўйган.
Бундан хабар топган қиз йигитга ялиниб, бу профилни ўчиришни сўраган, йигит эса бунга жавобан ҳар куни телефон рақамига пул ташлаб туришни талаб қилган.
Шундан сўнг қизнинг онаси йигитга телефон қилиб, профилни ўчиришни сўраган, йигит эса бу сафар қизнинг онасидан туман марказий Paynet шохобчаси очиб беришни талаб қилган, йўқса аёлнинг қизи шарманда бўлиши билан таҳдид қилган.
“Ўз шаъни ва қадрининг оёқ ости бўлаётганидан жаҳли чиққан қиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Суд йигитни айбига яраша жазолади”, – дейилади газета хабарида.
Аввалроқ, Сурхондарё вилоятида бир аёл “Одноклассники”да ёлғон профил очгани учун жазолангани ҳақида хабар берилган эди.