У танловнинг ярим финалида Шуҳрат Нуралиев сўзи, Жасур Абдураҳмонов мусиқаси билан куйланадиган "Унутгин" номли қўшиғини ижро этди.
Хонанда Нилуфар Усмонова 19 декабрь куни Туркияда старт олган "Türkvizyon" халқаро қўшиқ фестивал танловида ўз иштирокини бошлади. Мазкур танлов "Евровидение" аналоги сифатида ташкил қилинган бўлиб, унда асосан туркий халқлар вакиллари иштирок этади.
Бу йил илк марта ўтказилаётган мазкур танловда Ўзбекистон шарафини Нилуфар Усмонова ҳимоя қилмоқда. У танловнинг ярим финалида Шуҳрат Нуралиев сўзи, Жасур Абдураҳмонов мусиқаси билан куйланадиган "Унутгин" номли қўшиғини ижро этди. Агар шу вақтга қадар унинг асосан фонограммада қўшиқ куйлаб келганини инобатга олсак, Нилуфарнинг жонли ижро маҳоратини ўртача баҳолаш мумкин. Лекин танлов ҳакамлар ҳайъатига унинг ижроси маъқул келди ва Нилуфар Усмонова финалга йўл олган 12 нафар қўшиқчи сафидан жой олди.
Энди финалда Туркия, Қозоғистон, Олтой, Беларуссия, Озарбойжон, Босния ва Герцеговина, Қирғизистон, Косово, Кипр, Татаристон, Украина ва Ўзбекистон вакиллари танлов бош ғолиблиги учун кураш олиб боради. Ғолиб номи 22 декабрь куни эълон қилинади ва унга танлов Гран-приси ҳамда 20 минг евро пул мукофоти топширилади.