Жорий йилнинг январь ойида икки нафар боланинг онаси Марина (қахрамонларнинг исмлари ўзгартирилган) бевақт ҳаётдан кўз юмди.
Ундан қолган ўсмир ёшдаги фарзанди Руслан ва беш яшар Маъруф Маринанинг ота-онаси, яъни бува ва бувиси билан катта бўлади. Болаларни парваришлаш қарияларга қийинчилик туғдиради. Бу ҳақда Маргарита Петровна қизининг кўп йиллик ўртоғи Радмилага айтиб берди. Кейинчалик тергов давомида болаларнинг бувиси ва Радмиланинг кўрсатмалари бир-биридан фарқ қила бошлайди. Радмиланинг айтишича, Рита хола катта неварани қолдирмоқчи, кенжасини эса бирор-бир яхши инсонларга бермоқчи бўлган. Маргарита Петровна эса аксинча, қизининг дугонасига болаларга қараш қийинлиги, уларни болалар уйига олиб кетишлари мумкинлигини айтганида, Радмила ёрдам беришни таклиф қилган, дея кўрсатма берган. Бу ҳақда Podrobno нашри хабар беради.
Бувининг сўзларига кўра, Радмила унга муаммо ечими фақат битта эканлигини ва болани ўзига тўқ бўлган оилага таклиф этиш кераклигини айтган.
Ўша таниш билан кейинги кун пойтахтнинг Учтепа туманидаги қаҳвахоналарлан бирида учрашишга келишилган. У ерда беш яшар Маъруф учун 500 АҚШ доллари миқдорида тўлов берилаётган пайтда Маргарита Петровна ва воситачи Радмила ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Ҳозирда тергов натижалари бўйича иш судга оширилди.
|