ЎзМТРК тасарруфидаги «Наво» телеканали фаолияти кулгу остига олинмоқда. Бу ҳақда Shov-shuv.uz сайти муаллифи Жасур Ҳамроев 30 март, якшанба куни маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, «мусиқий телеканаллар ёпилиши ортидан гуллаб-яшнаб кетиш ўрнига» «Наво» ҳали ҳам ўз йўл-йўналишини топа олмаган, «аниқ бир мундарижаси йўқ», қўшимчасига, «кундан-кунга томошабинлар ишончини йўқотмоқда». Айнан қайси телеканалларнинг ёпилиши ҳақида гап бораётгани, шунингдек, томошабинлар ишончи қандай ҳисоблаб чиқилганига Ҳамроев ўз муносабатида аниқлик киритмаган.
«Клипнинг бир марта айланиши 110 доллар. Клип суратга олишга ҳам қўрқиб қолдик. Шунча сарф-харажат етмаганидек, клипнинг телеканал форматига мос-мос эмаслиги важи туғдирадиган хавотир, яна 4-5 дақиқалик клипнинг атиги бир марта намойиши учун 110 доллар ҳақ тўлаш – унча-мунча санъаткорни ўйлантириб қўяди», – дея Ҳамроев исми сир қолишини истаган машҳур бир хонандадан иқтибос келтиради.
Shov-shuv.uz’да ёзилишича, телеканалдаги энг яхши клиплар ўнталиги ҳақидаги ролик айланаётганига «анча бўлиб қолди», бироқ на дастурдан, на «яхши клипларнинг ҳеч бўлмаса бештасидан» дарак бор. Ҳамроевнинг қайд этишича, канал гоҳ «Мадоннанинг эсидан ҳам чиқиб кетган 80-йиллардаги клипларини, гоҳ Жастин Тимберлейкнинг ареналардаги шоуларини, гоҳ Ғарб телеканаллари аллақачон унутиб юборган, сийқаси чиққан сифатсиз хориж клипларини» намойиш этмоқда.
«Ёпилиб кетган каналда ҳам намойиш этилган айрим клипларнинг бачканалигидан роса ранжигандик. «Наво» эфирини тўлдираётган мантиқсиз, шарманда клипларни томоша қилиб, дод солгинг келади. Эшитадиган бирон қулоқ топилиб қолишига эса умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ», – дея қўшимча қилади Жасур Ҳамроев ўз чиқишида. Айнан қайси клиплар «мантиқсиз ва шарманда» эканлигига мисоллар келтирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, «Наво» телеканали 2013 йил декабрида «Тошкент» телеканали қошида ташкил этилган, кейинчалик «Ёшлар» телеканали ихтиёрига ўтказилган. Телеканал илк ишга тушган вақтда унга клип жойлаштириш бўйича фирибгар воситачилардан огоҳлантирган, кейинроқ телеканалда клип «айлантириш» нархлари пайдо бўлганди. Февраль ойида эса баъзи интернет-нашрларда телеканал фаолияти танқид остига олинган, канал мутасаддилари эса унинг қачон «тест режими»дан чиқишини айта олишмаганди.
|