«Наво» умидларимизни пучга чиқармоқда. Телеканалнинг гуллаб-яшнаши учун қайғурадиган бирон мутасадди борми? Бу кетишда йиллар давомида "Наво”нинг мослашиб олишини кутишга тўғри келади. Гўё, телеканал номига очиб қўйилгандек. Тушликкача "ишлаб” беради, кейин "обед” пайти...Кейин қош қорайишини кутишади. Бу, не ҳол?
Балки, ижодий гуруҳда жонкуяр ходимлар, тажрибали мутахассислар етишмаётгандир?
Агар, "Наво”чилар ҳозирги намойиш этилаётган эфирни жуда маъқул деб санашаётган бўлса, бу фақат "эго фикр”дан бошқасига ярамайди. Телетомошобинлардан сўровнома ўтказишни лозим топишса, ана ҳақиқат юзага чиқарди! Эфирни тўлдираётган клиплар ностальжидан бошқа эмас. Янги клипни кутавериб, соат санайсиз. Эски, сийқаси чиққан клипларни текин, "пират” вариантини ҳам олиб келиб берсангиз кўришмайди-ю, уни кенг оммага тақдим этишдан на ҳожат?
Клипмейкерлар ишсиз қолмоқда. Хонандалар қандай клип суратга олдиришга боши қотиб, клип яратувчиларга мурожаат қилмай ҳам қўйди. Мусиқада, клипда ривожланишнинг "белига тепиш” бошлангандай...Қўшиқчиларнинг премьераси учун энг мақбул нажот манбаи – интернет порталлар, сайтлар бўлиб қолмоқда. Интернет тезлиги сустлигини инобатга олсак, янги клипларни томоша қилиш интернет фойдаланувчиларининг ўзларида муаммога айланган. ТВга ўрганиб қолганлар хумори-чи?
"Наво” телеканалида клип жойлаштириш ихтиёрий, бепул дея жар солинган паллада эфирни тўлдириш муаммо бўлаётган бўлса, пуллик тариф йўлга қўйилганидан кейин, телеканал эшигини тақиллатиб, клип олиб келувчилар сони ошармиди?!
Ихтиёрий равишда айлантиралаётган клипларнинг биронтасида муаллифлар исм-шарифлари йўқ, на қўшиқ номи бор. "Танисанг-тани, бўлмаса кимлигини излаб топ” қабилидаги бу ҳол қачонгача давом этади?
Мусиқий кўрсатувлар, янгиликлар, шоу-дастурлар ҳам режага киритилганмикан? Талай саволларга эса жавоб берадиган марднинг ўзи йўқ!
Жасур ҲАМРОЕВ
P/S: Ҳозирча эса «Наво» ўз имиж "шапка”си ва "....телла” ширинлигининг рекламасидан бошқа ёдга солаётган ҳеч вақо йўқ!
|