Жорий йилнинг февраль ойида жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди фуқаро Баҳриддин Қаршиевга содир этган жинояти учун 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Бегзод Исмоиловнинг "Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, судланувчи Б. Қаршиев 2012 йил 31 октябрь куни акаси Эрали Қаршиевни (марҳумнинг хотини ва яна бир акасининг кўз ўнгида) темир болта билан уриб, ўта шафқатсизларча ўлдиради.
Прокурорнинг қайд этишича, марҳум Эрали Қаршиев мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилиб келган бўлиб, ана шу ичкилик оқибатида оиласи ва ака-укалари тинчлигини бузган. Вақт ўтиб бу ҳаракатлар туғишган жигарларини ҳам зада қилади.
"Мастликдаги куракда турмайдиган уятли сўзлар билан қилинган ҳақоратлар уканинг, яъни Баҳриддин Қаршиевнинг ўта оғир жиноятни содир этишига сабаб бўлди”, деб ёзади прокурор.
Прокурор бу ҳолат баъзилар учун арзимас бўлиб туюлиши мумкинлигини айтиб, бундай иллатга ҳар бир жамият аъзоси, ким бўлишидан қатъи назар, бирдек эътиборли бўлмоғи, унинг олдини олишга ҳаракат қилмоғи лозимлигини ёзади.
Бегзод Исмоиловнинг мутахассисларга маълумотларига таяниб ёзишича, агар спиртли ичимликлар истеъмол қилиш 35 фоизга камайтирилса, қотиллик 40 фоизга, безорилик эса 25 фоизга камайиши мумкин экан.