МТС президенти Андрей Дубовсков Интерполдан «МТС-Ўзбекистон» директори Беҳзод Аҳмедовни топиб беришини сўрамоқчи.
«МТС-Ўзбекистон»да тегишли идоралар томонидан қарийб уч ой олиб борилган текширувларда жиддий қонун бузилишлари, жумладан, пул маблағларидан мақсадга номувофиқ фойдаланиш, мол-мулкни талон-тарож қилиш, солиқ тўламаслик каби ҳолатлар аниқланган, дея ёзади Газета.ру.
Айни пайтда Беҳзод Аҳмедовнинг қаердалиги номаълум ва у Ўзбекистонни тарк этган бўлиши мумкин. Газета.рунинг ёзишича, МТС президенти Андрей Дубовсков Ўзбекистон Бош прокуратурасига хат йўллаб, «МТС-Ўзбекистон» менежерларининг қонунга хилоф амалларини текшириш борасида ҳамкорликка шайлигини билдирган.
Дубовсков МТС компанияси тез орада Интерполнинг Россиядаги бўлимига Беҳзод Аҳмедовни қидириш бўйича сўров йўллашини маълум қилган.
«МТС-Ўзбекистон» компаниясига 1991 йилда асос солинган. Аввалига «Уздунробита» деб аталган ушбу уяли алоқа компанияси 2004 йилда «МТС-Ўзбекистон» бренди остида МТС таркибига қўшилган. Айни пайтда компаниянинг 9,53 миллион мижози бор.