Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Кувайт ва Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинларда майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистон миллий терма 11 сентябрь куни ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичи доирасида Жанубий Корея терма жамоасини қабул қилади. Ушбу ўйиндан аввал 7 сентябрь куни Кувайт терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ушбу ўйинлар учун жами 23 нафар футболчини таклиф қилди. Улардан 8 нафари Осиё ва Европа лигаларида тўп сурувчи легионер футболчилардир. Легионер футболчиларнинг 4 нафари Қозоғистон чемпионатида тўп сурса, Хитой, Саудия Арабистони ҳамда Россиянинг турли лигаларидан биттадан футболчи терма жамоага жалб этилган, дея хабар беради ЎФФ матбуот хизмати.
Таклиф қилинган футболчилар орасида терма жамоада дебют қилиши мумкин бўлган бир қатор номлар бор. "Бухоро" дарвозабони Сардор Қобулжонов ва "Шўртан" ярим ҳимоячиси Вадим Афонин шулар жумласидандир. Олий Лига-2012нинг иккинчи давра баҳсларида Қаршининг "Насаф" жамоаси таркибида эътиборга молик сермаҳсул ўйин кўрсатган 32 ёшли ҳужумчи Владимир Шишеловнинг терма жамоага таклиф этилганини алоҳида қайд этиш зарур. Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини 2000 йилда бошлаб, 27 ўйинда 11та гол уришга муваффақ бўлган ҳужумчи охирги марта 2007 йилнинг март ойида, Хитой терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида майдонга тушганди.
Ўзбекистон терма жамоаси таркиби:
Дарвозабонлар - Муроджон Зуҳуров ("Насаф"), Сардор Қобулжонов ("Бухоро"), Игнатий Нестеров ("Бунёдкор").
Ҳимоячилар - Анзур Исмоилов ("Чангчун Ятаи", Хитой), Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив"), Артём Филипосян ("Бунёдкор"), Ислом Иномов ("Локомотив"), Акмал Шораҳмедов ("Бунёдкор"), Станислав Андреев ("Пахтакор").
Ярим ҳимоячилар - Сервер Жепаров ("Аш-Шабоб", Саудия Арабистони), Темур Кападзе ("Актобе", Қозоғистон), Лутфулла Тўраев ("Бунёдкор"), Фозил Мусаев ("Насаф"), Санжар Турсунов ("Алания", Россия), Жасур Ҳасанов ("Бухоро"), Жасур Ҳасанов ("Бунёдкор"), Вагиз Галиулин ("Нефтехимик", Россия), Шоҳруҳ Гадоев ("Насаф"), Вадим Афонин ("Шўртан").
Ҳужумчилар - Александр Гейнрих ("Актобе", Қозоғистон), Марат Бикмаев ("Актобе", Қозоғистон), Улуғбек Бақоев ("Иртиш", Қозоғистон), Владимир Шишелов ("Насаф").