Ливан ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин олдидан 7 июнь куни Байрутда Миржалол Қосимов ва Сервер Жепаров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҳамда Эрон терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 1-тур учрашувидан сўнг, Вадим Абрамов ўрнига, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Миржалол Қосимов дастлабки ўйиндаги мағлубиятни ҳеч ким кутмаганини алоҳида қайд этиб ўтди.
«Эронга қарши учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси яхши ўйин кўрсатди, устунлик ҳам биз тарафда эди. Аммо ўйиннинг сўнгги дақиқаларида қарши ҳужум натижасида рақиб урган гол қимматга тушди. Бу ўйиндаги мағлубиятни ҳеч ким кутмаган эди. Биз энди Эрон билан ўйиндаги муваффақиятсизликни унутиб, кейинги ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қилишимиз керак», - деди Миржалол Қосимов.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги устози икки ўйин оралиғидаги қисқа муддат ичидаги мураббий ўзгариши футболчиларга салбий таъсир қилмаслигини таъкидлаб ўтди.
«Мураббий келади, мураббий кетади. Мураббийнинг алмашгани Ливан билан ўйинда футболчиларга таъсир қилмайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзолари – профессионаллардир», - деди Қосимов.
«Ливанга қарши ўйинда терма жамоанинг ўйинида катта ўзгаришлар кўзга ташланмайди. Уч кун ичида жамоа ўйинини буткул ўзгартириб юборишнинг иложи йўқ, бундай бўлмайди ҳам. Бу, шунчаки, мумкин эмас. Бўлажак ўйинда сариқ карточкалар сабаб Эронга қарши ўйинни ўтказиб юборган футболчилар, масалан, ёнимда ўтирган Сервер Жепаров, сафга қайтади. Улар жамоа ўйинини, сўзсиз, кучайтиришади», - деди терма устози.
«Бир сўз билан айтганда, Ливанга қарши ўйинда биз фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Олдимизда бундан бошқа йўл ҳам йўқ. Биз учун очко сув ва ҳаводек зарур», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров бўлажак ўйин ҳақида тўхталаркан, Ливанга қарши ўйин аҳамияти жамоанинг ҳар бир футболчиси учун яхши маълумлигини айтиб ўтди.
«Эронга қарши ўйиндаги мағлубиятни, очиғи, ҳеч ким кутмаганди. Уйда мағлуб бўлиш, албатта, аламли. Айниқса, ўша ўйинда сен ғалабага кўпроқ ҳақли бўлсанг... Ливанга қарши ўйин қандай аҳамиятга эга эканлигини жуда яхши биламиз. Биз эртага фақат уч очко – ғалаба учун майдонга чиқамиз. Хато қилишга эса ҳаққимиз йўқ», - деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори.
Эслатиб ўтамиз, Ливан ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичи 2-тур учрашуви 8 июнь, жума куни, Тошкент вақти билан 18:00да бошланади. 1-турда ҳар иккала терма жамоа ҳам ўз майдонида имкониятни бой берган. AZIZ SAYTDOSHLAR KIMDA KIM ERTANGI O'YIN XISOBI NECHCHI NECHCHI BILAN TUGASHINI TAXMIN QILSANGIZLAR VA KIMNING TAXMINI TO'G'RI CHIQSA O'SHA UCERIMIZGA YULDUZ UNVONI QO'SHIB BERILADI. MARHAMAT VAQT KETDI!!!
|