Ҳафтанинг душанба кунлари "Спорт” телерадиоканали орқали эфирга узатиладиган "Футбол шарҳи” кўрсатувининг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов бўлади. Бу ҳақида ЎФФ расмий твиттери хабар қилмоқда.
"Бугун ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов "Спорт" телерадиоканалининг "Футбол шарҳи" дастурига эксклюзив интервью берди. ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовга ишонади. Бу ҳақда у "Футбол шарҳи"га маълум қилди. Мираброр Усмонов миллий терма жамоа ва унинг атрофидаги гапларга ўз муносабатини билдирар экан, бош мураббий Миржалол Қосимовни ҳимоя қилди.
"Қосимовни олиб ташлаш керак, Абрамовни ёки чет эллик мураббийни олиб келиш керак" деган гапларга ўз муносабатини билдирди. Шунингдек, Мираброр Усмонов турли ОАВда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовни ҳақорат қилганларни кескин танқид остида олди.
Шу билан бирга конструктив танқид бўлса, ЎФФ Президенти ҳар қандай танқидни кўтаришини, унинг устида ишлашини алоҳида урғулади. ЎФФ Президенти М.Усмонов Терма жамоалар маркази, миллий терма жамоани танқид қилганлар билан учрашишга ва уларни эшитишга тайёрлигини айтди”, - дейилади ЎФФ расмий твиттеридаги хабарда.
ЎФФ Президенти шунингдек кўрсатувда намойиш этилган "Бунёдкор” - "Локомотив" учрашуви шарҳи ва унинг муаллифини кескин танқид остига олди. Усмоновнинг айтишича, "Бунёдкор" - "Локомотив" ўртасидаги ўйиннинг видеошарҳи нохолислик асосига қурилган ва куракда турмайдиган гапларга тўла.
Федерация раҳбари ҳакамларга эътирозни расмий мурожаатнома билан эмас, матбуот анжуманидаги айблов билан билдирган "Бунёдкор" ФКни ҳам танқид қилди”, - дейилади ЎФФ расмий твиттерида.
Эслатиб ўтамиз, "Футбол шарҳи" кўрсатуви 22 июль душанба куни соат 20:20да эфир юзини кўради.
|