Сўнгги вақтларда таҳририятимизга келган бир қанча мурожаатлардан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномалари, турлари ва унинг амал қилиш ҳудудлари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Республикамизда 2007 йил 1 мартдан бошлаб янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва талон жорий этилган. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони Халқаро Вена конвенцияси талаблари асосида тайёрланган ва махсус ҳимоя қатламларига эга. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида ўзбек тилида ёзилган.
Тошкентда вақтинча рўйхатдан ўтганлар учун...
Мен Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтганман. Шу ернинг ўзида ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишим мумкинми? Бу борада қабул қилинган қоидалар билан батафсил таништирсангиз.
Д.Парпиев, Тошкент
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган киши пойтахтдаги автомактабларда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мумкин. Илгари Тошкентдаги автомактабларни тугатганлар ўзлари доимий рўйхатда бўлган ҳудуддагина имтиҳондан ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишарди. Ҳозир эса сиз шу ернинг ўзида ўқиб, имтиҳон топшириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз мумкин. Умуман рўйхатдан ўтмаганлар эса пойтахтда автомактабни тугатгач, доимий яшаш жойида имтиҳондан ўтадилар. Бундан ташқари, юртимизда яшовчи чет эл фуқаролари ҳам Тошкентдаги исталган автомактабда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин. Фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тўланадиган давлат божида фарқ бор. Бу энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
"ГУВОҲНОМА МУДДАТИ ЎТДИ...МИ?”
Ҳайдовчиликка ўқиганман. Бир неча йил машина бошқарардим. Аммо декрет таътили, болалар билан бўлиб машина бошқармай қўйдим. Гувоҳномам муддати ўтган. Алмаштириш учун борсам, жарима тўлайманми?
Г. Султонова, Хоразм
Биринчидан гувоҳноманинг муддати кўрсатилмайди. Иккинчидан, агар суд қарорларига кўра, гувоҳнома транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, суд қарорида жарима нархи кўрсатилади. Алмаштириш масаласи эса бундан мустасно.
Эскирган гувоҳномалар алмаштириладими?..
Ҳайдовчилик гувоҳномам ва талон маълум бир сабабларга кўра, эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Уни янгисига алмаштиришим мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак?
С.Назарова, Гулистон
Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида ҳайдовчилар томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг, алмаштириб берилади.
Бунинг учун:
- автомактабни тугатганингиз тўғрисидаги гувоҳнома;
- имтиҳон варақаси;
- ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони;
- тиббий маълумотнома;
- тўлов чиптаси;
- транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси ёки ишончнома;
- паспорт;
- корхона ёки ташкилотларнинг ҳайдовчилари эса иш жойидан маълумотнома тақдим этишлари талаб этилади.
Эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш муддати белгиланмаган. Бу фуқароларнинг эҳтиёжи ва хоҳиш-истакларига кўра амалга оширилади.
"ЯНА МАШИНА ҲАЙДАЙМАН...”
1998 йилда машина бошқариш ҳуқуқидан бир йилга маҳрум қилинган эдим. Яқинда машина сотиб олдим. Гувоҳномани қандай тиклашим мумкин?
О. Соҳибжонов, Самарқанд
Суд қарорига кўра, автомашина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсангиз ва унинг муддати ўтган бўлса, ўз ҳудудингиздаги ЙҲХБдан гувоҳномангизни қайтариб олишингиз мумкин.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси хорижда ҳам ўтадими?
Юртимизга келган хорижликлар ҳам шу ерда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши мумкин, деб эшитдим. Уларнинг бу ерда олган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўз юртида ҳам ўтадими?
Н.Равшанов, Самарқанд.
Ўзбекистон 1968 йилдан бошлаб "Йўл ҳаракати, йўл белгилари ва сигналлари тўғрисидаги” халқаро Конвенцияни имзолаган давлатлар қаторига кирган.
"Йўл ҳаракати, йўл белгилари ва сигналлари тўғрисидаги” халқаро Конвенцияда доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси Конвенцияга аъзо бошқа давлатлар ҳудудида тан олинмаслиги мумкин, деб кўрсатилган. Ушбу ҳайдовчилик гувоҳномаси билан хорижликлар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидагина машина бошқариш ҳуқуқига эга. Бироқ, Ўзбекистон фуқаросининг республика ҳудудида олган ҳайдовчилик гувоҳномаси Конвенцияга аъзо барча давлатлар томонидан тан олинади.
Республикамизда вақтинча яшаган чет эл фуқароси автомактабни тугалланидан сўнг, Ўзбекистон миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш учун ўз юртидаги махсус курсларда қайта ўқимасдан, синов имтиҳонини топширса бас.
Қачон тан олинмайди?
Қандай ҳолларда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин?
К.Ризаев, Навоий
Халқаро Конвенцияда қайд этилганидек, ҳайдовчилик гувоҳномаси эгаси вояга етмаган, яъни 18 ёшга тўлмаган бўлса, автомобиль бошқариши тақиқланади. Бундан ташқари, ёшингиз 18 дан ошган бўлса ҳам, хорижга иш ёки саёҳатга отланган бўлсангиз, бошқа тегишли ҳужжатлар билан бирга миллий ҳайдовчилик гувоҳномангиз ва огоҳлантириш талонини олишни унутманг. Хорижда халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлсангиз, ёнингизда миллий гувоҳномангиз бўлиши шарт. Чунки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси қўлингизда миллий ҳайдовчилик гувоҳномангиз бўлгандагина ҳақиқий деб топилади.
Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш шартми?
Хорижга миллий ҳайдовчилик гувоҳномамни олиб борсам, халқаро гувоҳнома олишим шартми? Ахир, Конвенцияга аъзо барча давлатларда бизнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларимиз ўтади-ку?..
К.Шарипов, Тошкент.
Тўғри, лекин сиз хорижга маълум бир муддатга борсангиз, автомобиль сотиб олмайсиз. Балки у ердаги автомашиналарни ижарага берувчи фирмалар хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Бундай фирмалар эса, асосан, хусусий бўлгани учун бошқа давлат томонидан берилган ҳайдовчилик гувоҳномасини тан олмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Хорижий давлатда қўлингизда халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлса, автомобилни ижарага олиш имкониятларингиз кенгаяди.
Бундан ташқари, айрим давлатларда миллий гувоҳномаларнинг амал қилиш муддати борасида баъзи чекловлар ўрнатилган. Ҳатто халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бундай чекловларга ўз таъсирини кўрсатолмайди. Масалан, Буюк Британияда бу чеклов 12 ой. Яъни, бу давлат ҳудудига кириб келганингиздан бошлаб фақат 12 ой давомида миллий ҳайдовчилик гувоҳномангиздан фойдаланишингиз мумкин. Лекин Буюк Британияда таҳсил олаётган бошқа давлат фуқаролари учун алоҳида тартиб ўрнатилган: хорижлик талабалар ўз миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан 70 ёшга тўлгунларига қадар фойдаланиши мумкин.
Хорижда машина бошқариш "осон”ми?..
Россияда машина ҳайдай олган инсон, бошқа исталган давлатда бемалол рулни бошқариши мумкин, деб эшитдим. Қизиқ, шу тўғрими?
Л. Абдуллаев, Тошкент
Афсуски, ушбу саволнинг аниқ жавобини билиш учун "кичкина тадқиқот” ўтказишга тўғри келади. Аммо эътиборимизни тортган бир фикрни сизнинг ҳам ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Россиянинг "Зенит" клуби ҳимоячиси Николас Ломбертс Санкт-Петербургда ўтказган тўрт йиллик даври ҳақида шундай деганди: "Россиядаги ҳаётга тўлиқ мослашиб кетганимни ҳис қиляпман. Бу ерда бўлган даврим мобайнида "русчасига" машина минишни ўрганиб олдим!” Футболчининг фикрича, Россия йўлларида автомашина бошқариш жуда қийин бўлиб, бундай малакага эга бўлган инсон учун дунёнинг бошқа давлатларида машина миниш ҳеч нарса бўлмай қолар экан.
Мавзуга оид
ЕВРОПА ИТТИФОҚИДА ЯГОНА ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИ
Шу йилнинг 19 январидан Европа Иттифоқи мамлакатларида умумий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жорий этилди. Бу жараёнда янги турдаги гувоҳнома стандарт размердаги пластик карточкадан иборат бўлиб, қалбакисидан ажралиб туриш мақсадида унга голограмма ўрнатилган. Шу ўринда айтиш жоизки, гувоҳномага микрочип ўрнатиш ёки ўрнатмаслик ҳар бир мамлакатнинг хоҳишига ҳавола. Бу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад яққол намоён: бугун Европа мамлакатлари ўртасида деярли чегара қолмаган, йўл ҳаракати қоидалари ҳам бир хилликни касб этмоқда, бироқ ҳайдовчилик гувоҳномаларининг юздан зиёд турлари бўлиб, бу эса ноқулайликни келтириб чиқармоқда эди. Экспертларнинг сўзларига кўра, янги лойиҳа мазкур муаммоларга чек қўяди. Шунингдек, 2033 йилга бориб ҳайдовчилик гувоҳномасини бутунлай ўзгартириш режалаштирилмоқда. Мутахассислар эса бу ўзгариш имтиҳонларни қайта топширишни талаб этмаслигини таъкидлашмоқда.
Қизиқ!
25 йил ҳайдовчилик гувоҳномасиз...
Япон полицияси 25 йил ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмасдан автомобиль бошқарган фермерни қўлга олганди. Чорак аср давомида гувоҳномасиз автомобиль бошқаргани унинг юк машинаси мотоцикл билан тўқнашиб кетгандан сўнг аён бўлди. Ушбу йўл транспорт ҳодисасида 68 ёшли фермер — юк автомашинасининг эгаси айбдор деб топилгач, ҳайдовчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддати 25 йил илгари тамом бўлгани аниқланди.
Сарвар САФАРОВ тайёрлади