2009 йили вафот этган поп-мусиқа қироли Майкл Жексоннинг «ўлимидан кейинги» янги альбоми шу йилнинг 13 май куни сотувга чиқади. Хонанда сайтининг хабарига кўра, Epic Records лейблида Xscape номи остида чиқарилади.
Альбомнинг ижрочи директори сифатида Epic Records эгаси Эл Эл Рейд иштирок этмоқда – Майкл Жексоннинг салкам қирқ йиллик ижоди даврида ёзилган ва эълон қилинмаган материаллардан фойдаланишга нисбатан «чекланмаган ҳуқуқ» айнан унга берилган.
Қўшиқлар жарангини «замонавийлаштириш» учун Эл Эл Рейд Тимбалэнд, Родни Жеркинс ва бошқа шу каби продюсерлар билан ҳамкорликда ишлади. Альбом Майкл Жексоннинг ўлимидан анча аввал ёзилган, бироқ эълон қилинмаган Xscape қўшиғи шарафига номланган.
Альбомдан жами саккизта мутлақо янги трек ўрин олади. Альбомнинг делюкс-версиясида худди шу саккиз қўшиқ замонавий қайта ишловларсиз – дастлаб қандай ёзилган бўлса, шундай кўринишда тақдим этилади.
Xscape Майкл Жексоннинг ҳисоб бўйича 12-студия альбоми бўлади. Унинг сўнгги – Michael 2011 номли альбоми ҳам ўзининг ўлимидан сўнг чиқарилган эди.
Альбомдан феврал ойида интернетда пайдо бўлган Slave To The Rhythm қўшиғи ҳам ўрин олиши кутилмоқда.
|