Андижон вилояти Балиқчи тумани солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган рейд натижасида фуқаро З. Олимжонов тегишли лицензиясиз транспорт воситасида йўловчи ташиш билан шуғулланаётгани аниқланган. «Правда Востока» газетаси томонидан тайёрланган хабарда воқеа қачон содир бўлгани маълум қилинмаган.
Маълум бўлишича, З. Олимжонов аввал ҳам лицензиясиз фаолияти учун қўлга тушган, маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўйиб юборилган. «Бироқ у бундан тўғри хулоса чиқармаган», – деб ёзади «ПВ».
З. Олимжоновга нисбатан қўзғатилган жиноий иш натижаларига кўра, фуқаро Жиноят кодекси 190-моддаси биринчи қисми бўйича айбдор деб топилиб, икки йиллик ахлоқ тузатиш ишлари кўринишида жазо олди.