"LG” халқаро корпорациясининг "LG Chem” бўлинмаси янги турдаги учта аккумуляторни тақдим этди.
Батареялардан бири эгик форм-факторга эга бўлиб, "G Flex” каби "букилган” экранли смартфонлар ҳамда "ақлли” соатлар ва кўзойнаклар учун мўлжалланган. Компания октябрь ойи бошида бундай тўпловчиларни оммавий тарзда ишлаб чиқара бошлади.
Иккинчи тўпловчи кўп босқичли бўлиб, унда бир аккумулятор иккинчисининг устига қўйилади. Ушбу ишланмани компания ўзининг G2 флагманида қўлламоқда. У стандарт батарея ўлчамига ҳамда энергиянинг 16% гача оширилган захирасига эга.
Учинчи турдаги тўпловчилар ингичка ва сувга чидамли симнинг ичига жойлаштирилган бўлиб, уни букиш ва ҳатто ундан тугун ясаш мумкин. Бироқ у энергиянинг чекланган миқдорини тўплайди ва қизиб кетмаслик учун жуда паст кучланишда ишлашга қодир. Ушбу аккумуляторлар смарт-либослар, аксессуарлар ва кийиладиган электроника учун яратилган.
Айтиш жоизки, "LG” компанияси томонидан тақдим этилган қурилмаларнинг кўпчилиги бор-йўғи прототиплар бўлиб, улар фақат 2-3 йилдан кейингина оммавий тарзда қўлланиши мумкин. компания ўз ишланмаларини 16 октябрда бошланадиган "InterBattery 2013” кўргазмасида намойиш этади.