«Кўзи бор одамнинг бирон кишига ёки бирор нарсага кўзи тегса, гуноҳ бўладими?»
– Халқ орасида кўз тегиши ва "кўзи бор” одамлар ҳақида ҳар хил гаплар юради.
Бинобарин, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Кўз тегиши бор нарса”, (Муттафакун азайҳ) деганлар. Шундай экан, одамлар бир-бирларининг ютуқлари, мол-мулк ва бошқа нарсаларига ҳасад қилмасин.
Шу боис уламолар мусулмонларни кўзни қувонтирадиган, лол қолдирадиган нарсаларга кўз тушган вақтда, "Субҳаналлоҳ”, "Ма-а-ша-Аллоҳ” калималарини айтишга буюришган. Ёмон кўз, ҳасад билан қараш мусулмонга хос эмас. Юқоридагилардан келиб чиқиб, "кўзи бор” одам бировнинг камол топишига ёки молига ҳасад билан, яъни унинг йўқотилишини истаб қараши гуноҳдир. Чунки Ислом дини ҳасад қилишдан қаттиқ қайтарган.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) Аллоҳдан паноҳ сўрашни буюриб, бундай марҳамат қилади: "(Эй Муҳаммад!) Айтинг: "Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, …ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” (Фалақ, 1,5).
Ҳасад, ёмон кўз ва ёвузликлардан омонда бўлиш учун Фалақ, Нос, Ихлос сураларини ўқиб, Аллоҳдан нажот сўраш тўғрисида ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
Саволга муфтий Усмонхон Алимов жавоб берган.