Тошкент кинотеатрларида режиссёр Даррен Аронофскининг «Нуҳ» фильми намойишлари тўхтатилди.
Фильм намойиши режалаштирилган Asia ва Mega Cinema кинотеатрлари ушбу фильм намойиш этилмаётганини маълум қилган бўлса, Grand Cinema кинотеатри вакили фильм намойиши бекор қилинганини билдирди, дея хабар беради Kun.uz нашри.
Нашрнинг «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот котиби Фахриддин Низомовнинг маълуотларига асосланиб хабар беришича, шу кунгача ҳали ҳеч ким ушбу фильм намойиши учун тавсия сўраб агентликка мурожаат қилмаган. Тегишли ҳужжатсиз эса у ёки бу фильмни намойиш этганлик учун жавобгарлик амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган.
Шунингдек, юртимиз кинотеатрларида намойиш этилиши режалаштирилган ҳар бир хорижий фильм Ўзбекистонга олиб кирилгунга қадар «Ўзбеккино» эксперт комиссиясига тақдим этилиши шарт. «Ўзбеккино» эса ушбу фильм учун тегишли тавсия берганидан сўнг уни катта экранларда намойиш этиш мумкин, дея изоҳлади нашр «Ўзбеккино» лицензиялаш бўлими ходимига асосланиб.
|