Бугун Хитойнинг шарқий соҳилларига «Хайкуэй» тўфонининг ёпирилиши туфайли аҳолини оммавий эвакуация қилишга тўғри келди.
Ҳозирга қадар Чжэцзян провинциясидан 1,5 миллиондан ортиқ аҳоли бошқа жойларга кўчирилган. Табиий офат туфайли 400 мингга яқин турар жой электр энергиясидан махрум бўлган.
Офат марказига айланган Нинбо шаҳрида сув тошиши оқибатида бир неча минг киши ташқи дунёдан узилиб қолган. Айни пайтда уларни қутқариш амалиёти олиб бориляпти.
Табиий офат рўй берган ҳудудда транспорт қатнови издан чиққан: айрим йўналишларда тезюрар поездлар қатнови тўхтатилган, юзлаб авиарейслар бекор қилинган, бир қанча автомагистраллар ёпиб қўйилган.
Тўфон Аньхой ва Цзянсу провинциялари, шунингдек, Шанхай шаҳрига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Шанхайда дарахтлар синиб, одамларга жароҳат етишининг олдини олиш учун кеча барча парклар ёпилди. Шаҳарда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди.
«Хайкуэй» охирги бир ҳафта ичида Хитойнинг шарқий соҳилларига ёпирлиган тўртинчи тўфон бўлди.