Главная » 2014»Октябрь»24 » Хитой Ой орбитасига Ерга қайтувчи космик қурилмани учирди.
00:25
Хитой Ой орбитасига Ерга қайтувчи космик қурилмани учирди.
Хитой 24 октябрь, жума куни Сичуань вилоятидаги космодромдан Ой атрофини айланиб чиқиб, Ерга қайтиши керак бўлган қурилмани учирди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда. «Синьхуа» ахборот агентлиги хабарига кўра, ташувчи ракетанинг парвози ва ундан сунъий йўлдошнинг ажралиб чиқиши белгиланган тартибда ўтган. Аввалроқ, ушбу миссия етти- саккиз кун давом этиши ва шундан сўнг қурилма Хитойнинг Ички Мўғулистон вилоятига қўндирилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу миссиядан кўзланган мақсад – 2017 йили Ойга жўнатилиши ва Ой тупроғини олиб, Ерга қайтиши режалаштирилаётган космик зондда фойдаланиладиган тажрибавий технологияларни синаб кўришдир. Агар 2017 йилги миссия муваффақиятли якун топса, Хитой Россия ва АҚШдан сўнг Ерга Ой тупроғидан намуналар олиб кела олган учинчи мамлакатга айланади. Хитой 2013 йили Ойга «Юйту» («Нефрит қуён») луноходи билан бирга Ер табиий йўлдошининг геологик тузилишини ўрганувчи «Чанъэ-3» зондини учирган эди. Ўшанда Хитой қурилмасида баъзи муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ, умуман олганда, Хитой «Нефрит қуён» миссияни муваффақиятли уддалаганини маълум қилганди.