"Сўнгги қўнғироқ”... У чалинаётганда диллар ўзгача энтикади. Болалик, беғубор онлар ўтган масканни тарк этиш меҳрибон, ғамхўр ўқитувчилардан йироқлашиш қайғуси, янги ҳаётга қадам қўйиш масъулияти, ширин ҳаяжон... 2011-2012 ўқув йилида эса бутун мамлакатимиз ёшларининг 560 минг 345 нафари (жами 9-синф битирувчилари) ана шу энтикишни шахсан ҳис этиб кўради.
Режалар чипакка чиқадими?
Бугунги битирувчиларнинг янги ҳаёт остонасига қадам қўйиш масъулиятидан ҳам аввалроқ ўйлайдиган ташвишлари етарли: 25 май куни синфдошлар билан боғ айланиш дейсизми, битирув оқшоми ёки базмими... Хуллас, "режа”лар КАТТА. Лекин, билишимизча шу кунларда барча мактабларда мажлислар ўтказилиб, унда, ота оналардан фарзандларини байрамни кўчада ўтказмаслигини назорат қилиши учун кафолат хатлари ёздириб олинаётган экан. Айрим ота-оналар таҳририятимизга сим қоқиб, "сўнгги қўнғироқни нишонлашда чекловлар бор экан, шу ҳақда кенгроқ маълумот беринг”, деб ҳам сўрашаяпти.
Бунинг қанчалик хақиқатга яқинлигини билиш учун Тошкент шахар Олмазор тумани 133 мактаб директори Муаззам Шайҳовага мурожаат қилдик.
Ҳозирда умумтаълим мактабларида "Сўнгги қўнғироқ” тадбирини ўзига хос равишда ташкил этиш юзасидан методик тавсия ишлаб чиқилган бўлиб унга кўра. Тадбирлар шу йилнинг 25 май куни эрталабдан, дарснинг биринчи соатида ўтказилади. У 40 дақиқача давом этади. Тадбир давомида битирувчиларни бошланғич синф ўқувчилари табриклашади, ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга оқ йўл тиланади.
Тантаналарга ҳокимликлар, туман Халқ таълими бўлими, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Маҳалла” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла оқсоқоллари, ота-оналар, ҳомийлар, шу мактабни битирган собиқ ўқувчилар таклиф қилинадилар. Катта байрам дастуридан кейин битирувчиларга сўнгги дарс ўтилади. Унда ўқувчилар сўнгги бор мактаб парталарида ўтириб, устозлари билан ҳайрлашишади.
Сўнгги қўнғироқдан сўнг барча ўқувчиларга кўча куйларда, боғларда юрмай уйга кетиш тавсия этилиб бу жараён барча ўқитувчилар томонидан назорат қилинади.
Ўқитувчиларни ёмон кўриб қолишяпти
Олдиндан ота-оналардан ёздириб олинган кафолат хатида улар фарзандларини Сўнгги қўнғироқдан сўнг айланишга юбормасликни, битирув кечасига рухсат бермасликни ўз зиммаларига олишади. Сабаби бу борада биз ўқитувчилар ота-оналарсиз ўзимиз ҳеч нима қила олмаймиз.
Тўғри, айрим ота-оналар ва ўқувчилар кўрилаётган қатъий чоралардан норози бўлишаяпти. Ҳатто шу сабабли бизни ёмон кўриб қолишаётгани ҳам турган гап. Аммо бу ишлар бежизга қилинмайди. Ёшларнинг, айниқса ўз фарзандидек бўлиб қоладиган ўқувчиларининг келажаги учун ўқитувчилар ҳам уларнинг ота-онасидан кам қайғурмайди.
Таъқиқдан мақсад нима?
Камида кўнгилсизликлар, қалтис вазиятлар ва балки жиноятларнинг олдини олиш. Байрам кайфияти ўсмирларнинг ўзини эркинроқ тутишига туртки бўлади, қонда вояга етмаганлар учун таъқиқланган алкоголь моддаси бўлса-ку...
Баъзи вояга етмаган болаларда ўз-ўзини назорат ҳисси яхши ривожланмаган бўлади.Энг оддий мисол, бир мактаб болалари бошқа мактабнинг ўқувчи қизига "гап отади” оқибатда нима бўлади? Ўқувчилар бир-бири билан жанжаллашиб кетади. Оқибатда эса...
Ўқитувчилар "рейд”и
25 май куни мактабдаги сўнгги қўнғироқ тадбирларидан сўнг барча мутасадди ташкилотлар, инспекция нозирлари, вазирлик ҳодимлари ҳатто ўқитувчи-мураббийлар одам гавжум жойларга назорат қилиш учун юборилишади. Назорат кечгача, яъни ёшлар сайр қиладиган масканлар ёпилгунга қадар давом этади.
Пул йиғишлар бутунлай чекланган
Таъкидлаш жоизки, таълим муассасаларида ушбу маросимлар учун битирувчилардан маълум миқдорда маблағ йиғиш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларни турли қимматбаҳо совғалар билан сийлаш ҳамда тантаналарни ўқувчи ёки ўқитувчиларнинг хонадонларида, ресторан ёки қаҳвахоналарда катта маблағ талаб этадиган тарзда ўтказиш қатъиян ман этилади. Бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун ҳудудий таълим бошқаруви органлари томонидан чора-тадбирлар белгиланган. Мазкур масалалар бўйича Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўзига хос равишда ташкил этиш юзасидан методик тавсия ишлаб чиқилди.
Нишонлаш ман этилади!
Республика маънавият ва тарғибот Маркази бош мутахассиси Оллоёр Бобонов:
25 май ҳар бир ёшнинг ҳаётида катта тадбир ҳисобланади. Минг бир марта айланиш, байрам ўтказишларни чеклаш ҳақида огоҳлантирилса ҳам баъзи ота-оналарнинг ўзи мана шу ишларга ташаббус билдириб, оқшомларни уюштиради. Болага сўнгги қўнғироқ куни сайрга чиқиши учун унга пул бериш ҳам бунга йўл очиш ҳисобланади. Бизнинг қўлимиздан келадигани эса фақат назорат ишларини кучайтириб, "сўнгги қўнғироқ”, тадбирини қонун доирасида, меъёрдан четга чиқмаган ҳолда ўтказилишига эришишдан иборат.
Бунга доир "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ролини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарорга мувофиқ вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида барча чора-тадбирлар кўрилган, ва буни назорат қилувчи махсус комиссяилар ташкил этилган.
Дунё бўйича, номусга тегилганлик тўғрисидаги энг кўп мурожаатлар хуқуқни муҳофаза қилиш органларига айнан сўнгги қўнғироқнинг эртаси куни бўлар экан.
Эркинлик "таъм”и
Доимо назорат остида юрган ўсмирлар руҳиятида мактабни битирган куни эркинликка, мустақилликка мойиллик уйғонади. Бугун унга ҳамма нарса мумкиндек туюлади. Ота-онаси берган мўмайгина пул эса бунга замин яратиб, қандайдир янги нарсаларни таътиб кўргиси, шу кунни эсда қоларли ўтказгиси келади ва баъзан ўзи билмаган ҳолда ножўя ҳаракатларга қўл уриб қўяди.
"Болам улғайди” дейишга шошманг!
"Болам мактабни битираяпти! Дўстлари билан бир ўйнаб келса, нима қилибти”, деб ўйлайдиган ота-оналар балки ўзларича ҳақдир, бироқ бу "ўйнаб келишлар” кимнингдир тўкилган шаъни, соғлиғи, руҳиятига етказилган зиён ва балки ҳаёти эвазига бўлсачи?...
"Змонавий”, "тушунадиган” ота-она бўлиб кўриниш истагини фарзандингизнинг ёруғ келажаги учун масъулият билан бир тарозига қўйиб кўрингчи?!
Манба: darakchi.uz