Янги йил сеҳрга, мўъжизаларга, завқу шавққа ва албатта совғаларга бой байрам. Уни каттаю кичик интизорлик билан кутади.
Ахир анчадан бери орзу қилган туҳфалар сохибига айланишни истайдиларда.
Биз катталардан кўра кичкинтойлар арчанинг тагига қандай совға қўйилгани билан қизиқадилар. Биз ҳам эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари фарзандларини қандай совға билан қувонтиришлари ҳақида маълумот йиғдик.
"Соғлом бола” йилида машхурларимизнинг нури дийдаларининг илк совғалари нималардан иборат экани ҳақида батафсил popcorn.uz сайтида.
Рашид Ҳолиқов:
Аввало фарзандларим доимо соғ- саломат бўлишини тилайман! Бу мен учун тенгсиз бахт! Совғага келсак, ҳозирги кунда болалар техникага жуда қизиқади. Ўғилларимга айпад, телефонлар олдим, қизимга ҳам Galaxy қўл телефонини совға қиламан.
Лола:
Биз ҳар гал Янги йил байрами яқинлашиши билан арчанинг тагига чиройли ўрамли совғаларни йиға бошлаймиз. Бугунга қадар туҳфалар анча йиғилиб қолди. Аммо асосий совғам ҳам бор. Фарзандларим понида учишни орзу қилиб юрган эдилар, шу боис иккисини ҳам байрамда понида учиришни ният қилдим.
Раъно Шодиева:
Икки фарзандим катта бўлганлиги учун уларга ўзлари истаган кийим кечаклар харид этдим. Кичкинтойим эса энди 3 ёшга қараб кетди. Мусиқий ўйинчоқларни яхши кўради. Уйда барабани ҳам, гитараси ҳам, бошқа мусиқий ўйинчоқлари бор. Бу гал кенжатойимга наво қўшиқ таратадиган ўйинчоқ микрафон олдик. Хали кўрса жуда қувонади-да.
Сардор Раҳимхон:
Катта қизим 2 ёшда. Унга қорқизнинг кийимини тайёрлаб қўйганман. Кенжа қизим хали жуда кичкина, аммо барибир унга яхши ният қилиб тилла узук олдим. Қиз болаларнинг тақинчоқлари қанча кўп бўлса, улар шунча хурсанд бўладилар, деб ўйлайман.
Наргиза Абдуллаева:
Болаларнинг қувончини ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайди. Янги йил байрамига ўғлим Муҳаммадсодиқ велосипед сўраган эди. Биз дадаси билан "Агар шеър ёдласанг Қорбобо олиб келади”,- дегандик, бирамасига 4 шеър ёдлаб, совғасини оладиган кунни орзиқиб кутяпти. Қизим Райхонага "Маша и медведининг” ўйинчоқларини тайёрлаб қўйдик. Фарзандларим совғаларни ширинликларсиз олмайди. Шу боис ширинликлардан ҳам олганмиз. Ниятим, ҳамманинг фарзанди соғ- саломат бўлсин, ҳар бир хонадонда болалар кулгуси жаранг сочсин!
Дилноза Исмияминова:
Вой меҳрдан ортиқ совға бўларканми! Фарзандимнинг трансформер ўйинчоқлари жуда кўп бўлишига қарамай, яна шуни сўради. Уйдаги коллекциясидагидан бошқачароғини танладик. Севимли ўйинчоғини олиб, табассум қилаётганини, албатта, тасвирга тушираман.
Халима Ибрагимова:
Аввало фарзандларимга ширинликлардан иборат совға тайёрладим. Ўзим ҳам шоколаду қандолатларни яхши кўраман да! 4 ёшли ўғлимга ўйинчоқ машина олдим, қизимга эса ўйинчоқ телефон, қўғирчоқ туҳфа этмоқчиман.
Ёдгор Носиров:
Севимли, меҳрибон қизалоғимга, албатта, энг яхшисини раво кўраман. Турли ўйинчоқлар олганман, аммо энг асосий совғам тилла зирак. Ҳали қулоқлари тешилмаган. Яхши ният билан харид этдим. Сал катта бўлиб, зиракларни тақиб олса, мендан кўра ўзи кўпроқ шодланса керак.
Ирода Дилроз:
Фарзандлар аввало меҳр керак! Софияхон хали бир ёшга ҳам тўлмади, бироқ уни жуда ҳурсанд қилишни яхши кўраман. Шунинг учун бир нечта мусиқий ўйинчоқлар олдим. Янги йил қизимнинг мусиқалари билан янада завққа тўладиган бўлди.
Дилдора Ниёзова:
Янги йил байрамига ўғлимга плестейшн ўйинини олганмиз. Аммо бундан бошқа асосий соға ҳам бор, яъни фарзандимга қулай шарт-шароитларга эга, жиҳозланган, безатилган алоҳида хона тайёрладик. Кун сайин улғайяпти, анча нарсани тушуниб қолди, ахир ўғил бола бироз мустақил бўлиши ҳам керак-да!
Даврон Эргашев:
Фарзандларимга ҳар Янги йил байрамида кўчага олиб чиқиб, истаган нарсасини олиб бераман. Ҳаммасини хохиш истаклари турлича. Тўғри совға танлаб, узоқ қолиб кетамиз, аммо болаларимнинг қувончини кўриб, дунёдаги энг бахтли ота эканимни ҳис этаман!