Олий ўқув даргоҳи имтиҳонларига тайёргарлик даврини ҳар бир талаба яхши эсласа керак. Имтиҳон ҳам билим, ҳам асаблар мустаҳкамлигини синайди. Мунажжимларнинг фикрига кўра, ҳар бир бурж вакиллари ўз буржларини эътиборга олган ҳолда имтиҳонга тайёргарлик кўришлари мақсадга мувофиқ экан.
Тўлқин УСМОНОВ, астролог: — Энг аввало талаба бўлиш истагида юрган ҳар бир йигит-қиз имтиҳон ва синовларга яхшилаб тайёргарлик кўришлари керак. Буржга кўра ҳаммасини тўғри бажарса-ю, дарс тайёрлашда дангасалик қилса, ўқишга кириш амри маҳол.
Унсурга кўра
Олов унсури остида туғилганлар (Ҳамал, Асад, Қавс) шошқалоқликлари билан ажралиб туради. Имтиҳон пайтида ҳам шошма-шошарлик қилманг.
Ер унсури остида туғилганлар (Савр, Сунбула, Жадий) ҳамма нарсага аҳамиятли, ҳар бир қадамини ўйлаб босади.
Ҳаво унсури остида туғилганлар (Жавзо, Мезон, Далв) – моҳир, гапдон. «Фақат мен» қабилида иш тутсангиз, хатога йўл қўйишингиз мумкин. Ёрдампарвар бўлинг.
Сув унсури остида туғилганлар (Саратон, Ақраб, Ҳут) ортиқча уятчанликларини йўқотишлари, одамлар орасида кўпроқ бўлиб, ортиқча ҳаяжонга берилишдан ўзларини асрашлари лозим. Ортиқча уятчанликни йўқотиш учун одамлар орасида кўпроқ гапиришни машқ қилишлари керак.
Буржга кўра
Ҳамал. Сизнинг энг катта муаммонгиз қайсарлик ва бошқалар гапига қулоқ солмаслик. Мана шу феълингизни юмшатсангиз, катта ютуқларга эришасиз.
Савр буржи остида туғилганлар омадли бўлишади. Фақат ҳамма нарсадан манфаат кўриш хусусиятини йўқотиши лозим.
Жавзо тили ўткир, аммо атрофдагилар билан осон ва тез тил топишади. Омадли, аммо зарарли одатларингиздан воз кечмасангиз, ўқишингизга ҳалал бериши мумкин.
Мезон буржида туғилганлар истеъдодли, аммо мақтанчоқ бўлишади. Улар жуда кўп иккиланишади. Шу сабаб «Қаерга ўқишга кирсам?», «Тўғри қилдимми ёки йўқми?» деб ишни пайсалга солавериш табиатларида бор. Қатъиятлироқ бўлинг.
Асадлар сахий, аммо аксар ишларини сирли равишда бажаришни афзал кўради. Шу сабабли қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Ортиқча ғурурланишни йўқотсалар, кўп нарсага эриша олишади.
Сунбула. Бироз мижғовлигингизни бартараф этсангиз, кўпгина чўққиларни забт эта оласиз.
Саратон буржи вакиллари вақтни кўпроқ оилага бағишлаганлари учун истеъдодларини ривожлантиришга аҳамият беришмайди. Улар баъзан оилавий ҳаётларини унутиб, ўз истеъдодини риводлантиришга қаратиб, дарсларга зўр беришлари лозим.
Ақраб — жуда истеъдодли бурж соҳиби. Аммо уларга гина, бировдан ўч олиш ҳисси ҳалал беради. Барча гина-кудратларни ва кимгадир ниманидир «кўрсатиб қўйиш» истагингизни унутинг.
Қавс – олдига қўйган мақсадига осон эришса, унга нисбатан қизиқишини йўқотади. Қийналиб эришганларини эса қадрлайди. Ўкишга қийналиб кирса, ўқишини қадрлайди, осонликча эришса эса қизиқишини йўқотиши мумкин.
Жадий – тўғрисўз, кўп нарсани билади. Ўз олдига мақсад қўйишни билади. Бу бурж вакилларининг келажакда қай даражада омадли бўлиши бир маънода ота-онасига боғлиқ. Ота-она бола билан шуғулланиб, унинг ақлий фаолиятини ўстиришга, дарсларга қизиқтиришга ҳаракат қилиши керак. Шу билан бирга жадий ҳам биргаликда ҳаракат қилиб, чўққига интилмоғи лозим.
Далв – истеъдодли, оилавий, осонликча илм ўрганадилар. Фақат имтиҳонлардан аввал дангасалик қилмасликлари, яхшилаб ҳаракатқилсалар, имтиҳонлардан енгил ўтишлари мумкин.
Ҳут – ҳамма яхши нарсани ўзларига раво кўришади. Аммо баъзан юқори чўққига чиқиш учун йўл босиш лозимлигини унутмаслик керак. Ўқиш худди мана шундай йўллардан бири, ўқишга ҳаракат қилсангиз, кўпгина нарсаларга эришишлари мумкин.
«Кира олмайман» деманг!
Имтиҳон олдидан ўқиш ҳақида ўйлайвериш ва муттасил тайёрланиш, буларнинг ҳаммаси стресс ҳолатига сабаб бўлади. Шундоқ ҳам стресс ҳолатига тушиб турганингизда «ўқишга кира олмайман», «кира олмасам, нима қиламан?» каби ўй-хаёллар билан ўз ҳолатингизни қийинлаштирманг.
Мияга дам беринг!
Ёдда тутинг, инсоннинг мия фаолияти кун мобайнида 4-5 соат фаол бўла олади. Яъни шу вақт мобайнида маълумотларни қабул қила олиш хусусиятига эга бўлади. Шу сабабли уззукун китоб ўқиб ўтирмасдан, дам олиш, тоза ҳавода сайр қилиб, мияни бошқа нарсаларга чалғитишни ҳам унутманг. Имтиҳонга тайёргарлик кўриш асносида энг асосийси, хотиржам бўлинг.
Ранглар
Руҳшуносларнинг фикрига кўра, абитуриентлар имтиҳонга мовий ва кўк рангли кийим кийгани маъқул экан. Бу ранглар кўзга ёқимли бўлиб, ўқитувчиларни сизга дўстона муносабатда бўлишга ундаркан. Мовий ва кўк ранглар — тозалик, мақсад сари интилиш, очиқлик тимсоли.
Имтиҳондан бир кун аввал
Одатда бундай масъулиятли кундан аввал иштаҳа қаёққадир «ғойиб бўлади». Бироқ иштаҳангиз бўлмаса-да, тамадди қилиб олинг. Чунки мия ва тана озиқланиши керак.
Уйқу келмаса…
Имтиҳон нафақат илм синови, балки эгалланган билимни тўғри қўллай билишни ҳам синаш дегани. Шу сабаб имтиҳондан бир кун олдин китоб ўқиш борасида мияга дам бериб, тинчгина уйқуга ётинг. Уйқунгиз келмаса, тинчлантирувчи дори ўрнига илиқ сут ичинг. «Сутдан кўнглим айнийди», деювчиларга эса илиқ чойга 2 чой қошиқ асал солиб ичиш тавсия этилади. Дори ичманг, дейишимизнинг сабаби шундаки, дори асаб ва мия фаолиятини секинлатиб қўйиши, қолаверса, эрталаб ухлаб қолиб, имтиҳонга кечикишингиз мумкин.
Имтиҳон куни
Эрталаб бир финжон қаҳва ичинг. Қаҳва эътиборни жамлашга ёрдам беради. Шунингдек, аччиқ шоколад ейишингиз ҳам мумкин. Шоколад мия фаолиятини фаоллаштириб, инсонни тетиклаштиради. Имтиҳон куни тинчлантирувчи дорилар ичиш умуман тавсия қилинмайди.
Хотиржамлик ва яна бир бор хотиржамлик
Тадқиқотларга кўра, талабаю абитуриентларда «имтиҳон» сўзининг ўзи хавотир ва стресс чақириб, қон босими ошиб кетиш ҳолатига олиб келаркан. Имтиҳон стресс, аммо унга қарши курашиш керак. Уйдан эртароқ чиқинг, бироз пиёда юринг, кўкрак қафасингизни тўлдириб нафас олинг. Имтиҳон ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг. Имтиҳондан ўта олмасликни эса умуман хаёлингизга келтирманг. Фақат яхши фикрларни хаёлдан ўтказинг.
Имтиҳон пайтида…
Имтиҳонда саволларга жавоб топишни энг осонларидан бошланг. Чунки мураккаб саволларга кўп вақт сарфлаб қўйиб, бошқаларига жавоб беришга вақтингиз етмай қолиши мумкин. Аввалига билган саволларингизни жавобини белгилаб олинг, сўнг бошқаларининг ечимига ўтинг.
Диққат!
Агар имтиҳон пайтида бирор бир абитуриентнинг шпаргалка, телефон ёки бошқа воситалардан фойдаланаётганини кўрсангиз, ўрнингиздан туриб, ўқув биносидаги ўқитувчилар ёки Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига бу ҳақда хабар беришингиз мумкин. Бу сизнинг ҳуқуқингиз ҳисобланади.
Ширин АКБАРОВА
Ота-оналарга маслаҳатлар
Шаҳноза ХАЛИЛОВА, руҳшунос: — 1 август куни ўқув масканлари биноси олдидаги манзарани кўз олдингизга келтиринг: йигит-қизлар тест синовларидан ўтаяпти, оналари эса камида қил кўприкдан.
Кўча-кўйда қулоққа чалиниб қолади: «Бу йил болам ўқишга киради, дам олишга бормайман», «Тест жавоблари чиқмагунча битта ҳам банка ёпа олмайман»... Келинг, шунча хавотир остидаги асл ваҳима нимадалигини аниқлаб олсак.
Асаби бўшлар ва иримчилардан олдиндан узр сўрайман, агар ўғлингиз ё қизингиз ўқишга кира олмаса нима бўлади? Осмон узилиб ерга тушмаслиги аниқ, аммо айтинг-чи, нима бўлади? Сизга ёқмаган бу саволга бир жавоб излаб кўринг. Ҳозир мутолаани шу жойда тўхтатинг-да, шу саволни ўзингизга ўзингиз бериб кўринг. Ҳар қандай ваҳимали фикр, ҳиссиётлар ва даҳшатли кадрлар келса ҳам тўхтатмасдан қабул қилинг. Хавотирланиб яшашдан қутулмоқчи бўлсангиз, қўрқувнинг кўзларига тик боқинг. Хаёлингизга келган фикрларни эса ёзиб олинг. Бу терапия орқали хавотирни аниқлаш ва ундан қутулиш мумкин.
Онанинг фарзандидан хавотирланиши табиий ҳолат ва аслида ундан фойдаланиш керак. Аслида яқинларимиздан ҳаддан ортиқ хавотирланганимизда бу кучни зараримизга ишлатамиз. Агар сизга оппоқ қоғоз бериб, «хавотирингизни ранглар орқали тасвирланг» дейилса, қандай ранглардан фойдаланардингиз? Шубҳасиз, қорамтир ранглардан. Тасвир тайёр бўлгач, уни совғa сифатида яхши кўриб, авайлаб-асрайдиган одамингизга туҳфа қилармидингиз? Албатта йўқ. Шундай нарсани ҳам совға қилиб бўларканми?! Лекин сиз ҳар хавотирингиз билан уларга бутун Эрмитажни тўлдирса бўладиган шундай қўштирноқ ичидаги совғаларни тинмай жўнатиб турибсиз-ку! Бу мисолни «яқинларидан хавотирланиш, бу — уларни севиш, ғамхўрлик қилиш» деб тушунадиганлар учун келтирдим. Сиз бу қўрқувларингиз билан яқинларингизга тинимсиз салбий энергия жўнатишингизни унутманг. Қолаверса, сизнинг саросимадалигингизни фарзандингиз сезса, унинг ҳам ташвиши ортади.
Айрим ота-оналар «Ўқишга кирсанг, фалон нарсани олиб бераман» дея шарт қўйишади. Мутахассис сифатида бундай рағбатни маъқулламаган бўлардим. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, уни севишингиз ва қўллаб-қувватлашингизни айтинг.
Имтиҳон топширмоқчи бўлаётган фарзандингизга энг яхши тилакларингизни билдиринг. Синовга кетиш олдидан яхшилаб бағрингизга босиб, унга ишонишингизни ва ҳаммаси яхши бўлишини айтинг. Шунда уни кун давомида куч-қувват билан таъминлаган бўласиз.
Фарзандингиз улғайди. Энди у мурғак ва ҳимоясиз эмас. Уни тақдирнинг қўлларига ишониб топшираверинг. Чунки дилбандингиз ҳар қандай пасту баландликларга дош бера оладиган даражада кучли!
Манба: Sugdiyona gazetasi,