ЗИЁДАНИНГ КЛИПМЕЙКЕРИ АНИҚ, ҚЎШИҚ ЭСА НОМАЪЛУМ!
Шу кунларда хонанда Зиёда фарзанд тарбияси билан бир қаторда 14-январь Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирларга тараддуд кўрмоқда. Шунингдек, "Ўтган йилнинг энг яхши ижрочиси” яқин кунларда клип суратга олишни режалаштирган. Қизиғи шундаки, видеокетма-кетликни қайси клипмейкер тасвирга олиши аниқлаштирилган бўлса-да, ҳали ҳануз хонанда қайси қўшиғига клип суратга олиш борасида аниқ тўхтамга келолмаяпти. Зиёда Қобулова мухлислари учун хушхабар тариқасида шуни айта оламизки, бошланган йилда ҳисобот концерти тақдим этилади. 2010-2011 йилларда яккахон концерт дастурларини кетма-кет тақдим этган Зиёда турмушга чиқишию фарзандли бўлишидек ширин баҳоналар сабаб, бироз танаффус қилган эди. Дарвоқе, "Ниҳол” мукофоти совриндори Зиёда Қобулова 7–январ куни 25 ёшини қарши олди!
МАДИНА МУМТОЗ ЎЗ ТЎЙИ ТАСВИРЛАРИДАН КЛИП ОЛДИ
2013 йилнинг сўнги ойида "Бахтли бўл!” номли қўшиғига клип суратга олган Мадина Мумтоз ҳам фарзандининг тарбияси билан бир қаторда қизғин ижод жараёнида. Ушбу видекетма-кетлик кейинги ойдан бошлаб мухлислар эътиборига ҳавола этилади. Унинг сюжети хонанданинг бахт тўйидаги реал тасвирларга асосланган. Янги ҳафта бошидан эса "Тошкент” телеканали орқали Огоҳий ғазали матнига асослаб ёзилган "Саллано” қўшиғига ишланган клип "айланиш”ни бошлайди. Баҳор ойларида эса Мадина "Туркистон” санъат саройида бир кунлик жонли ижродаги концертини тақдим этишни ният қилган. Шунингдек, апрель-май ойларида яна бир ижодий иш тайёр бўлади. Маълум бўлишича, Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова томонидан тақдим этилган мазкур қўшиқнинг номи "Девони қилсин” бўлиб, унга ўзига хос тарзда мусиқий сайқал берилган. Мадина Мумтоз ёз мавсумига мўлжалланган ижодий режалари билан ҳам ўртоқлашди. Булардан бири хоразмча йўналишда куйланадиган қўшиқ бўлиб, унинг устида ҳозирдан катта масъулият билан иш бошлаб юборилган.
ҲИЛОЛА ҲАМИДОВА КАСБИДАН ПУШАЙМОНМИ?
Жорий йилда мучал ёшини қарши оладиган Ҳилола Ҳамидова 13-январ санасида жигарбанди Жўрабекнинг туғилган кунини уйида, яқинлар даврасида нишонлайди. 5 ёшли фарзанди қобилиятли бўлишига қармасдан хонандадан "Ўғлингизнинг келажакда санъаткор бўлишини истайсизми?” деганимизда, ўйламасдан "Йўқ, албатта!!! Хоҳламайман...” деб жавоб қайтарди ва қуйидагиларни иловқа қилди: "Жўрабекнинг спортчи бўлишини жуда истайман. Санъатнинг йўли оғир, оиласига кам вақт ажратиши мумкин, умуман хоҳламайман. Яна вақт кўрсатади, қўшиқчи ё актёр бўламан деб туриб олса, мен нима ҳам қила олардим...” Ҳамидова жорий йилда янги тўртинчи албомини мухлислари эътиборига тақдим этишни ният қилган. Концерт ҳақида сўраганимизда аниқ тўхтамга келмаганлиги, аммо бу ҳақида жуда кўпчилик сўраётганлигини таъкидлаб ўтди.
Парвиз ФАТТОЕВ