Зиёда Т.нинг навбатдаги ўғли туғилган пайтда унинг қизчаси уч ёшга етиб қолганди. У ўғлига Баҳодир деб исм қўйди. Бола ҳар жиҳатдан соғлом туғилганди. Аммо қисмат бу кичкинтойни яхши ота-она билан сийламаган экан.
Зиёда ўзининг ножоиз феъли билан бошқалардан ажралиб турарди. У навбатдаги боласини туққанидан олдин бетартиб ҳаёт тарзига кўникиб улгурганди. Туғруқдан кейин ҳам бу одатини ташламади. У ичкиликка берилган, болалар тарюбиясига эътибор бермай қўйганди. Унинг доимий иш жойи ҳам йўқ эди. Гоҳида мавсумий иш топиш учун "Чорсу” бозорига қатнарди.
Қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Зиёданинг тақдирини вақтида унинг ота-онаси белгилаб беришганди. У Тошкент вилоятида кам таъминланган оилада вояга етганди. Ота-она кун бўйи ишда бўлар, болалар тарбиясига ҳеч ким эътибор бермасди. Ахир бир пайтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам болалар тарбиясига қараш жуда мураккаб иш. Тўғри. Ҳар иккисининг ҳам уддасидан чиқувчилар йўқ эмиас. Аммо, Зиёданинг ота-онаси бу тоифага кирмасди. Ҳар қалай, бу фикрларни унинг ўзи, а-анча кейин тегишли кўрсатмаларида эътироф этиб ўтган.
Дарвоқе, шахсий ҳаётда ҳам унинг иши юришмади. Қизининг отаси Зиёданинг ҳомиладорлигини эшитиши билан "қуённинг расмини чизганди”. Аборт учун кеч бўлганди. Баҳодирнинг отаси ким бўлди унда? Бу саволга аёлнинг ўзи ҳам аниқ жавоб бера олмайди.
Икки нафар фарзандни боқиш, кийинтиришнинг ўзи бўлмайди. Зиёда танг аҳволда қолганди. Чунки, у ишлаб топган пулнинг асосий қисмини ўзининг кайфу сафоси йўлида сарфларди. Болаларини едириб-ичиришга эса, кўпинча пул етмай қоларди.
Кунларнинг бирида унинг миясига бир фикр келди. Боласини сотиб юборса нима бўларкин? Бу фикр ўзига маъқул тушди. Танишларидан бирига бу ҳақда оғиз очиб маслаҳат сўради. У 200 доллар эвазига ўз жигарбандини сотишга тайёрлигини билдирди. Таниши эса ўз навбатида бошқа танишларига бу хабарни етказди. Бу янгиликлар фарзанд асраб олиш истагидаги бир оилага ҳам бориб етди.
Бироқ, ўз боласини сотишни мўлжаллаётган она ҳақида эшитиб қолган ақли расо одамлар бу ҳолнинг қонунга зид эканини англаб етишди ва милицияга хабар қилишди. Жиноятга тараддуд ҳақида хабар топган милиция ходимлари болани сотиб олмоқчи бўлган оиладан бу жиноятни очиш жараёнида иштирок этишни сўрашди. Мақсад Зиёдани жиноят жойида қўлга тушириш эди.
Белгиланган кунда "ҳаридорлар” келишиб олиш учун Зиёдани пойтахтдаги кафеаларнинг бирига таклиф этишди. Зиёда ўғлини ҳам бўлажак ота-онасига кўрсатиш учун олиб келганди. Бола ҳаридорларга маъқул тушгач, у ўз талабларини қўя бошлади: "Икки минг доллар тўлайсизлар ва мен баҳодирни бутунлай унутаман!”. "Ҳаридорлар” эса, Баҳодирни фарзандликка қабул қилишга тайёр эканликлари, ёнларида етарлича пул ҳам борлигини айтишди. "Онаизор” эса, иши бу қадлар тез битаётганидан бениҳоя мамнун эди.
Аммо унинг қувончи жуда қисқа умр кўрди. У ҳали пулни санаб улгурмасидан эшикдан ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари етиб келди ва Зиёдани жиноят устида қўлга олишди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ТБ катта терговчиси Улуғбек Мадалиев шундай дейди:
-Зиёдага қарши одам савдоси жинояти бўйича жиноий иш қўзғатилди. У қилмишига яраша жазосини олади. Баҳодир ҳозир гўдаклар уйида. Опасининг тақдири ҳам ҳал этилмоқда. Ҳозир қизча Зиёдангинг ота-онаси қарамоғида. Айни пайтда Зиёдани оналик ҳуқуқидан маҳрум этишлари, болаларни эса, меҳрибонлик уйига топширишлари мумкин.
Р.S. Гўдаклар уйидан бизга хабар беришларича, ҳозир Баҳодирнинг соғлиғи жойида ва бир маромда ривожланмоқда.
Мақоладаги исмлар ўзгартирилган, ҳар қандай ўхшашлик тасодиф бўлиши мумкин.
Элина Рустамова тайёрлади
Мақолани ёзишда кўрсатган ёрдами учун Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига миннатдорлик билдирамиз