13 март куни Алишер Навоий номидаги кино саройида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра «Ўзбекфильм» киностудиясида тасвирга олинган «Хонадон эгаси» бадиий фильмининг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун премьераолди намойиши ва унинг ижодкорлари иштирокида матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Матбуот конференциясида «Хонадон эгаси» фильми сценарийси муаллифи, таниқли ёзувчи Эркин Аъзам, постановкачи режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва бошқа ижодкорлар уни тасвирга олиш жараёни, «бугунги глобаллашув жараёнида оила қадриятларини асраш зарурияти тўғрисида сўзлаб берди» ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Фильмда нуроний, донишманд отахоннинг ўз оиласида тотувликни сақлаш, муҳтож инсонларга кўмак бериш, набираларига тўғри тарбия бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида қизиқарли, таъсирчан йўсинда ҳикоя қилинади. Фильмда ролларни Ёқуб Аҳмедов, Фатҳулла Маъсудов, Хайрулла Саъдиев, Лола Элтоева, Маҳмуд Исмоилов ва бошқалар ижро этган.
Фильм премьераси 2014 йил 19 март куни Алишер Навоий номидаги кино саройи ва Киночилар уйида бўлиб ўтади.