Ucell мобил алоқа оператори бир қатор хизматларни кўрсатишни вақтинча тўхтатади. Компания матбуот хизмати хабарига кўра, бу Янги йил кечаси қўнғироқлар сифатини яхшилаш ва SMS-хабарларни ўз вақтида етказиш мақсадида амалга оширилади.
Хабар беришларича, 2013 йил 31 декабрь соат 22:00дан 2014 йил 1 январь соат 04:00гача «SMS-Календар», «SMSни бошқа рақамга йўналтириш», «SMS-Автожавоб», «SMS Филтр-Қора рўйхат», «SMS-Тахаллус» ва «Дўстим ҳисобидан SMS» хизматларидан фойдалана бўлмайди. Айни вақтда, «SMS-Календар» хизмати орқали олдиндан мўлжаллаб қўйилган SMS-хабарлар барча адресатларга етказиб берилиши маълум қилинган.
Абонентлар 2014 йил 31 декабрь соат 17:00дан 2014 йил 1 январь соат 17:00гача «Ким қўнғироқ қилди?», «Мен алоқадаман», «Видео ва овоз почтаси», «Менга қўнғироқ қил», «Мен кимман?» хизматларидан, 31 декабрь соат 22:00дан 1 январь соат 04:00гача балансларни текшириш учун (*100# – *109#) буйруқлар ва бошқа тартибли хабарлар (ҳисоб тўлдириш ва хоказо) билан вақтинча фойдаланиб бўлмайди.
Шунингдек, 2013 йил 31 декабрь соат 22:00дан 2014 йил 1 январь соат 04:00гача компаниянинг қўшимча хизматларга уланиш учун USSD-сўровлар билан фойдаланиб бўлмайди.
«Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», – дейилади Ucell хабарида.
Маълумот учун, аввалроқ «Билайн-Ўзбекистон» мобил алоқа оператори Янги йил кечаси баъзи хизматлар ишламаслигини маълум қилган эди.