Ироқ ҳукумати мамлакат ҳудудида Facebook ижтимоий тармоғига киришни чеклаб қўйди. Бу ҳақда Kuwait News Agency хабар бермоқда.
Қайд этишларича, ушбу қарор мамлакатдаги кескинлашиб бораётган вазият туфайли қабул қилинган.
Бундан ташқари, Ироқ алоқа вазирлиги YouTube ва Twitter каби оммабоп ижтимоий сервисларни ҳам блоклаб қўйган.
Reuters ахборот агентлиги хабарига кўра, Ироқ армияси вертолётлари жангарилар томонидан эгаллаб олинган Тикрит шаҳридаги энг йирик масжидлардан бирига ракета зарбаси берган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳужум натижасида қанча одам ҳалок бўлгани ва неча киши жабр кўргани ҳақида ахборот йўқ.
Сўнгги бир ҳафта давомида Ироқдаги вазият кескин салбийлашди. Мамлакат шимолидаги Мосул ва Тикрит каби йирик шаҳарлар “Ал-Қоида”га алоқадорлиги гумон қилинадиган “Ироқ ва Левант ислом давлати” жангарилари қўл остига ўтган.
Террорчилар яқин вақт ичида Ироқ пойтахти Бағдодга ҳужум қилишни ҳам режалаштирилаётганликлари маълум бўлганди. “ИЛИД” гуруҳи Ироқдаги ҳокимиятнинг деярли барча жабҳаларини эгаллаб олган шиаларга қарши курашмоқда.
|