Июль ойининг 5-санасида «МТС-Ўзбекистон» («Ўздунробита») мобил операторининг домени – mts.uz’нинг рўйхатда туриш вақти тугайди ва исталган одам уни сотиб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда iLike.Uz блоги хабар бермоқда.
Блогнинг ёзишича, «Ўздунробита» расман банкрот бўлгани ва унинг барча мол-мулки кимошди савдосига қўйилгани муносабати билан, агар «МТС»нинг Москвадаги бош офисини ушбу масала қизиқтирмаса, Ўзбекистондаги доменни узайтириш масаласи ҳозирча ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.
iLike.uz ушбу доменнинг бўлажак эгаси учун қизиқарли бўлиши мумкин учта жиҳатни қайд этиб ўтган. Биринчидан, домен ташкил этилгани 9 йил бўлган, унинг қидирув тизимлари орасида таниқлилик даражаси яхши (Яндекс тИЦ – 140, Google PR – 5/10) ва бундай натижа билан «доменнинг бўлажак эгаси ҳавола (линк) биржаларида яхшигина пул ишлаши мумкин».
Иккинчидан, кимдир доменни сотиб олиб, кейинчалик унинг ҳақиқий эгаси (ҳозирги ҳолатда – «МТС»)га қайта сотиш ёки раҳмат эшитиш учун сақлаб туриши мумкин. Учинчидан эса, юқоридаги икки жиҳатни ҳисобга олмаганда ҳам, mts.uz домен номи машҳур ва тез ёдда қолади, шу сабаб бу домен номи остидаги лойиҳа тез «юриб кетиши мумкин».
Sarkor компаниясининг доменларни рўйхатга олиш бўйича мутахассиси Марат Газизовнинг сўзларига кўра, агар «Ўздунробита»нинг, дейлик, банкротликка учрагани ҳақида ҳам ҳужжат бўлса, бу домен номини бошқа бир ташкилот ёки хусусий шахсга қайта расмийлаштириш ва шу йўл билан доменни сақлаб қолиш имконини беради.
«Бироқ, бу тарихда кузатилмаган тенги йўқ (уникал) ҳолат ва охир-оқибат бу бўйича якуний қарорни домен номини узайтириш/расмийлаштириш бўйича сўров олган регистратор ёки UZINFOCOM маркази қабул қилади», – дейди Марат Газизов.
Эслатиб ўтамиз, «МТС-Ўзбекистон» алоқа операторининг фаолияти 2012 йил ёзида тўхтатилган, компания 2013 йилда банкрот деб тан олинганди. 2014 йил баҳорида эса «МТС» Ўзбекистон бозорига қайтиш бўйича келишувга деярли эришгани хабар қилинди.
|