Главная » 2013»Июль»12 » Google Рамазон учун махсус лойиҳа ишга туширди
00:23
Google Рамазон учун махсус лойиҳа ишга туширди
Google корпорацияси мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойи учун махсус саҳифани ишга туширди. Бу ҳақда компаниянинг расмий блогида хабар берилган. Саҳифада мусулмонларнинг бош муқаддас манзили – Каъба жойлашган Макка шаҳридаги ал-Ҳарам масжидидан суткасига 24 соатлик жонли трансляция йўлга қўйилган. Бундан ташқари, унда машҳур ошпазлар билан «видеоучрашувлар»нинг трансляциялари жадвалини ҳам топиш мумкин. Бу ошпазлар рўза вақтида тайёрлаш мумкин бўлган таомлар ҳақида маълумот беришади. Бундан ташқари, Google Осиёнинг турли мамлакатларида суратга олинган ва, махсус лойиҳа муаллифларининг фикрича, оилавий кўриш мумкин бўлган роликларни ва Google+ фойдаланувчиларининг Рамазонга бағишланган постларини таклиф қилади. Шунингдек, бу саҳифада Яқин Шарқдаги энг оммабоп қидирув сўровлари, Google хариталари (компания бу хариталар ёрдамида дўстлар ва қариндошларникига сафарларни режалаштиришни тавсия қилади) ва яқинлар билан видеоконференциялар ташкил этиш имконини берадиган «видеоучрашувлар» сервисини реклама қилмоқда. 2013 йилдаги Рамазон ойи 10 июль куни бошланди ва 7 августга қадар давом этади. Ушбу ой давомида мусулмонлар куннинг ёруғ қисмида таом ва суюқлик истеъмол қилиш ҳамда бошқа ҳаракатлардан тийилади (рўза тутади). Рўза Ҳайит сайиллари билан якунига етади.