5 сентябрь куни пойтахтда "GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган янги "Chevrolet Cobalt” автомобилининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, "General Motors” компанияси, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
"Chevrolet Cobalt” – "General Motors” томонидан тобора тараққий этиб бораётган бозорлар учун махсус ишлаб чиқилган мутлақо янги русумдаги автомобилдир. Ушбу автомобиль тўрт турда ишлаб чиқарилади.
"Cobalt” 1,5 литр ҳажмдаги тўрт цилиндрли, бензин билан ишлайдиган 106 от кучи қувватига эга ва 5 босқичли механик узатмали двигатель билан жиҳозланган. 100 километрга тахминан 6,2 литр ёқилғи сарфлайди. Ривожланиб бораётган бозорларда бу автомобил В туркумига кирувчи ягона модел бўлади. Бундан ташқари, унинг 6 босқичли автомат трансмиссия ўрнатилган русумига ҳам буюртма бериш мумкин.
Беш киши учун мўлжалланган ушбу кенг салонли автомобиль йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ён томонлари баланд анатомик ўриндиқлар билан жиҳозланган. Автомобил кондиционер, қуйма дисклар, аудиотизим, хавфсизлик ёстиқчалари, электр кўзгулар ва автоматик трансмиссия билан жиҳозланган.
"Cobalt” автомобилининг ажойиб дизайни, замонавий хавфсизлик тизими ва бошқа юксак сифат кўрсаткичлари компанияга уни нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам сотиш кўлами ва ҳажмини кўпайтириш имкониятини беради, деб ёзади ЎзА. Мутахассисларнинг фикрича, "Chevrolet Cobalt” харидорлар эътиборини тез қозонади. Ушбу янги моделни ишлаб чиқариш ҳажми йилига 120 мингдан ошади ва яқин вақт ичида у сотувга чиқарилади.