АҚШнинг General Motors компанияси Шимолий Америка бозорида Chevrolet Cruze туридаги автомобиллар сотувини тўхтатди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
GM вакили Жим Кейн айтишича, АҚШдаги диллерларга 2013-2014 йилларда ишлаб чиқарилган Chevrolet Cruze моделидаги автомобилларни сотишни тўхтатиш тўғрисидаги буйруқ келган. Маълум бўлишича, ушбу автомобилларда Япониянинг Takata компанияси томонидан ишлаб чиқарилган хавфсизлик ёстиқчаларида носозликлар кузатилган.
“Нечта автомобиллар носоз деталь билан жиҳозланганини аниқлаш мақсадида, биз етказиб берувчи компания билан музокаралар олиб бормоқдамиз”,-дейди Кейн.
Унинг сўзларига кўра, автомобиллар бозордан қайтариб олинмайди. 2012 йилдан буён General Motors 500 мингдан ортиқ Chevrolet Cruze автомобилини ишлаб чиқарди.
Йил бошидан GM 20 млн автомобилни қайтариб олди ва йилига қайтариб олинган автомобиллар сони бўйича ўз рекордини янгилади. Ундан аввал компания 2004 йилда 10,75 млн автомобилини бозордан қайтариб олган эди.
Маълумотларга кўра, GM ишлаб чиқарган автомобиллардаги носозликлар сабабли ЙТҲ оқибатида 12 киши ҳалок бўлган.
|