Эркаклар хиёнатининг 5 та асосий сабаби
Бу турлича содир бўлади. Сиз ногаҳон турмуш ўртоғингизнинг телефонидан бошқа аёлнинг муҳаббат номаларини топиб оласиз. Ёки уйга тўсатдан қайтган пайтингизда ошиқ-маъшуқлар саҳнасига дуч келасиз. Ёки қаҳвахонада тасодифан эрингизнинг бегона аёл билан ўтирганини кўриб қоласиз. Ёки, энг ёмони, ўша бегона аёлнинг ўзи олдингизга келади. Шундай қилиб, эрнинг хиёнати ҳақида исталган пайтда ва ҳар қандай ҳолатда билиб олиш мумкин. Сизнинг бу ҳолатда ўзингизни қандай тутишингиз борасидаги вариантлар эса ундан ҳам кўп: идиш-товоқ синдириш ва жанжалдан тортиб, то жимгина уни ҳаётингиздан чиқариб ташлашгача. Воқеа нима билан тугаган ҳолатда ҳам барибир унинг сабабларини билишни истаймиз, албатта.
1. Янги ҳиссиётлар илинжида
Оилали, садоқатли (муайян пайтгача) эркак узоқ вақт ишқ борасида фақат ўз жуфти ҳалолига содиқ бўлади. Албатта, булар турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, аёл эрида кўникиш ҳосил бўлмаслиги ва ҳаётига бирор бир янгилик олиб кириш мақсадида сочининг рангини ўзгартиради. Аммо аёл қанчалик ўзгаришга уринмасин ва эркак қанчалик ўз аёлини севмасин, у албатта бошқа аёл билан мутлақо бошқача ҳиссиётларни туяди. Гавдасига чиппа ёпишиб турган юбкадаги мафтункор ҳамкасбини ёки бирор тантанада чиройли дугонангизни кўрган эрингизнинг миясида дарҳол янги ҳислар тўғрисидаги хаёл лип этиб ўтиши ва хиёнатга олиб борадиган илк тайёргарлик босқичи бошланишининг эҳтимоли жуда катта. Агар эрингизнинг ахлоқий принциплари мустаҳкам бўлса, у ўзини ушлай олади. Айтиш жоизки, «янги ҳиссиётлар» аксар ҳолларда бир марта содир бўлади, мунтазамлик улар учун хос эмас. Шундай бўлса-да, ҳатто шу битта хиёнат ҳам кишининг неча йиллик ҳаётига нуқта қўйиши, дилни сиёҳ қилувчи доғга айланиб қолиши ҳеч гапмас.
2. Дўстлар олдида чираниш
Айтайлик, барда эркакларнинг сершовқин гуруҳи чақчақлашиб ўтирибди. Гапдан гап чиқиб, улар ошналаридан бирини бильярд столи олдида турган чиройли малласоч аёл билан танишишга ундайди. Кейин эса, улар яқин алоқада бўлиш-бўлмаслиги борасида баҳс бойлашади. Баҳсга қизиқиб кетган пайтда эрингиз уйида аёли кутиб ўтирганини унутиб ҳам қўйиши мумкин. У баҳс бойлашга рози бўлади. Ошналари хурсанд, эрингизда ҳам қизиқ воқеани ҳикоя қилиб бериш, қариган пайтида эса эслашга мавзу топилди. Ҳа, эрингиз уни бошқа кўрмайди, аммо сиз учун вазият яна тескари келади.
3. Яқинликдан қониқиш ҳис қилмаслик
Агар юқоридаги иккита ҳолатда хиёнатнинг сабаби эркакда бўлса, бунисида сабаб айнан ўзингизда. Ўзининг интим турмушидан, зерикарли муносабатлардан норози эркак энди шунчаки четдан роҳатни излайди. Бу ҳолат оилавий ҳаётингизда тангликлар юзага келганида айниқса долзарблик касб этади. Жиддий ўйлаб кўринг: балки бирор нарсани нотўғри қилганингиз ёки, аксинча, қилмаганингиздан турмуш ўртоғингиз норозидир.
4. Меҳр-муҳаббат оғушида
Агар бир-бирингиз билан яқин пайтингизда турмуш ўртоғингиз билан идеал муносабатда бўлиб, қолган пайтда эрингизни «арраласангиз», у албатта тушуниш ва меҳрни четдан излаши турган гап. Энг ёмони эса, у ўша жазмани билан ғам-ташвишларини ўртоқлашиши, оилавий муносабатлардаги қийинчиликларни гапириб бериши, унда меҳр ва муҳаббатини аямайдиган дўстини кўриши мумкин. Яшириб нима қиламиз, бу жуда кескин вазият. Чунки эрингиз бошқа аёл билан яқинликдан қониқяпти, у меҳрибон, ақлли ва мулойим, қийин пайтда қўллаб-қувватлашга тайёр. Тез орада эса унинг уйи эрингизни ўз уйидан ҳам яхшироқ «иситиши» мумкин. Шундай экан, агар эрингиз оғир иш кунидан кейин ҳам ўзини «арралашдан» чарчамайдиган (албатта, яхши кўриб) сизнинг олдингизга қайтар экан, тез орада бошқа аёлникига элтадиган йўлни унутиши эҳтимоли ҳам бор.
5. Кўп нарсага қодирлигини ўзига исботлаш
Эркакнинг ҳаётида у ўзига ҳали кўп ишларга қодирлигини исботлашга уринадиган иккита давр бор, десак адашмаймиз. Биринчиси – ёшлик даври. Бу пайтда у ҳаётда ўз ўрнини излайди. Иккинчиси – тахминан 35-50 ёшлар оралиғида. Бу пайтда у ҳаётини таҳлил қила бошлайди: нимага эришди, ёнида ким бор, оиласи қанчалик мустаҳкам, ишдаги муваффақиятлари ҳақида ўйлайди. Шунда унинг турмушидаги энг заиф нуқта айнан сиз бўлиб қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Эрингиз у ҳали кўп нарсаларга қодирлигини исботлаш мақсадида ёшроқ қизлар билан кўнгилхушлик қила бошлайди. Умуман олганда, асосий сабаблар мана шулар. Дугоналарингизга дардингизни айтиб, кўз ёши қилиш ўрнига, ҳаммасини тўғри маънода таҳлил қилиб чиқинг: нима юз берди ва турмуш ўртоғингиз кўчадан чапга бурилмай, тўғри уйга келиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Gulnoza(mitticha)
|