Эрон футбол федерацияси ЖЧ-2014 саралаш мусобақалари дорасидаги Эрон-Ўзбекистон учрашувининг натижалари бўйича ФИФАга шикоят йўллади. Унда ўйинга ҳакамлик қилган Али Ҳамад ал-Бадвавийнинг (БАА) қарорлари устидан шикоят қилинган.
Бу ҳақда Stadion интернет нашри Эроннинг ISNA ахборот агентлигига таянган ҳолда хабар беради.
ФИФА бош котиби номига ёзилган хатнинг мазмуни қуйидагича:
"Эрон ва Ўзбекистон жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамнинг қарорлари бизда шубҳа уйғотди ва унинг қарорлари ўйин натижасига бевосита таъсир кўрсатди.
1. Ўйиннинг 12-дақиқасида Эрон терма жамоаси футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда деб топилди.
Экспертлар вазиятни диққат билан ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони ёнида турган Эрон терма жамоасининг 9-рақамли ҳужумчиси офсайд ҳолатида эмас, деган қарорuf келишди. Боиси:
a) Тўп тўғридан-тўғри дарвозага йўлланган. Тўп 9-рақамли футболчига узатилмаганди. Шунингдек, бу футболчи томонидан тўпни эгаллаш ёки рақиб футболчисининг тўпга эгалик қилишига халақит бериш ҳолати йўқ эди.
b) 9-рақамли футболчи Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони олдини тўсмаганди. У турган вазиятда дарвозабон тўп йўналишини бемалол кўриши мумкин ва футболчи унинг нигоҳларини тўсмаган эди.
2. Ўйиннинг 70-дақиқасида Ўзбекистон терма жамоасининг 23 ва 17-рақамли футболчилари ҳамда, Эроннинг 18-рақамли футболчиси тўп учун кураш олиб боришди ва натижада тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди. Вазиятга яқин турган қанот ҳаками ва бош ҳакам хатога йўл қўйишди ҳамда Ўзбекистон фойдасига жарима тўпи белгилашди. Бу вазиятда тўп ён чизиқдан ўйинга киритилиши керак эди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 17-рақамли футболчиси носпортча ҳаракати учун майдондан четлатилиши лозим эди.
3. Ўйиннинг 88-дақиқасида ўзбекистонлик футболчи майдонни тарк этган тўпни тепиб юборди.
4. Ўйин якунланганидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг 7-рақамли футболчиси ҳакамнинг олдига ғалабани нишонлаш мақсадида югуриб келди. Ғалабанинг ҳакамга нима алоқаси бор?
Осиё минтақаси "А" саралаш гуруҳида араб жамоалари ҳам иштирок этаётганини инобатга олиб, араб миллатига мансуб ҳакамнинг ўйинларга тайинланишига қаршимиз.
Эрон футбол федерацияси юқоридагиларни инобатга олиб, кейинги ўйинларга савиясиз ҳакамларни тайинламасликни ФИФАдан сўрайди. Шунингдек, ушбу ўйинга тайинланган бош ҳакам ва қанот ҳакамлари нотўғри тайинланган ва улар савия жиҳатдан ўйинга мос бўлишмади. Бундай ҳакамлар савия жиҳатидан пастроқ мусобақаларда ишлаши мумкин, аммо Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ишлаши мумкин эмас.
Ниҳоят, Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс натижасини ўзгартиришнинг иложи йўқлигини яхши тушунамиз. Биз ФИФАнинг ушбу ҳакамнинг қарорлари юзасидан изоҳ беришини сўраймиз”, - дейилади шикоятда.