Эстрадамизда яратилаётган тароналар маъно-мазмуни, савиясидан қатъи назар жуда тез фурсатда оммалашмоқда. Биз эса уларни айнан савия жиҳатидан саралашга уриниб кўрдик. 5-ўрин. Тамила, "Ягонам”. Ушбу қўшиқни тинглаш давомида мени ҳайратлантирган нарса, 3 дақиқаю 56 сонияликнинг ашуланинг атиги 4 та мисрадан ташкил топгани. Тўғри мусиқа чоғида ҳам Тамилла "сен қалбимда ягонам” жумлалари ва арабча сўзлар янграб туради. Аммо асосий қисм қуйидагича: "Сен қалбимда ягона, эркатойимсан, Ҳаммадан қизғонганим, шакар чойимсан. Гоҳи меҳрибоним, гоҳи золимсан, Сен сўнгги манзилимсан, тақдир йўлимсан...” Тўғриси, қиз боланинг суйганини қизғониб, шакар чойга ўхшатишини биринчи эшитишим. Яна йигит кишига нисбатан "сўнгги манзилимсан” дейиш ўзбек қизига ярашмаса керак.
4-ўрин. Манзура, "Сохта туйғу”. Манзуранинг 4-ўринни забт этишининг биринчи сабаби, ушбу қўшиғидаги жумлаларни бир-бирига улаш жуда қийин бўлганидандир. ”Эртаю кеч жони ҳалак, Ёнма-ён гулда капалак, Юрагида ёлғиз истак, сен фақат, сен фақат. Ҳар куни ўзгага хуштор, недир кўзида ошкор?” Бу мисраларни тинглаб, ўз-ўзидан савол туғилади? Хонанда айтаётган "сохта туйғу” эгасининг эртаю кеч жони ким учун ҳалак? Ёнма-ён гулдаги капалак ким? Истаги фақат ёри бўладиган бўлса, нега унинг туйғулари сохта? Шу ўринда яна савол юзага келади: унинг истаги фақат ёрига эришмоқ бўлса, нега бевафолик қилиб, ҳар куни ўзгани севади (!). Кейинги саволни хонанданинг ўзи берган, "недир кўзида ошкор”, дея. Кўриб турганингиздек, мазмун жиҳатидан жумлалар умуман ўзаро боғланмайди. Яна нақоратдаги "Нобуд” сўзи ўрнида "қурбон”ни ишлатиш маъно жиҳатдан тўғри бўларди...
3-ўрин. Райҳон, "Самодан”. Ушбу қўшиқнинг мағзини чақолмаганимиздан уни шу ўринга муносиб деб топдик. Фикримизча, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткорга бу даражадаги савиясиз қўшиқ куйлаш ярашмайди. "Йўқ бўлди”, демай, дардим тўкмай, Аниғи кўргим келади шундай. Зор этма ундай, кундуз-тунда, Сени ким сева олади мендай? Кўнгил дармоним, қора кўзли ёрим, Ёдингда турай... Само-самодан селдай устингга, устун ёғилай, Қалбингга оқиб, сенга ярашган мамнун ёр бўлай...” Ушбу қўшиқ, гўё олдин шеърга қофиядош сўзлар топиб, кейин ёзилгандек. Чунки на сўз ва на жумлалар бирор маънони англатиб, бир-бирига боғланяпти. Масалан, дармон сўзи жонга нисбатан ишлатирларди одатда. "Кўнгил дармони” жумласи эса қовушмаган. Самодан селдай устуннинг ёрнинг устига ёғилиши эса кулгилидир. Аммо ўзбек тилида шундай ножўя жумлаларнинг куйланиши ачинарли.
2-ўрин. Муниса Ризаева ва "Уммон” гуруҳи, "Во ажаб”. Муниса Ризаева жарангдор овози ва ўзига хос услуби билан тез танилди. "Уммон” гуруҳи йигитлари эса қандай қўшиқ куйлашларидан қатъи назар, мухлислари кўнглини забт эта олган. Буни тан олиш керак. "Мани қалбим, мани аламдаман, Лекин санамни қош қалам, ёр, ғанам (!), Мани севгим билан армондаман, армондаман. А, бўтта совуқ бўлиши керак! Саники-маники, уники-буники, кимники, маники бу? Саники-маники, биргаликда биринчи дуэт шу. Манимча бу қўшиқ унча-бунчага ёқмаса керак-ку, Бўлади-бўлади, қўлдан кеганча, ҳаёт шунақа-ку!” Битта танишим бу қўшиқни эшитиб, "прикол” қўшиқ экан.” деди. Тўғри, аммо ҳар қандай "прикол” қўшиқда ҳам оз бўлса-да, маъно бўлиши керак. Сўзлари ўзаро боғлиқ бўлиши ва тўғри куйланиши лозим, ахир! Юқоридагидек, бир боғдан, бир тоғдан келиб эмас!
1-ўрин."Уммон” гуруҳи, "Бу оқшом”. Ушбу тарона нафақат бизнинг хит-парадда 1-ўринда, кўплаб ёшлар орасида ҳам энг "мода”да. "Ман сани севаман, бўлди бас, Ортиқча гап-сўз керакмас. Қўрқма сани ҳеч ким бўтта еб қўймас, Ёнган кўнгил куймай қўймас, Мани муҳаббатим сани севгингга зор, Кўзларим кўзларингга интизор, Нега бугун кўйлагинг кенгмас, тор, Манимча, бугун байрам бор...” Менимча, изоҳга ҳожат бўлмаса керак! Севги ҳақидаги тароналарнинг бу даражада савиясизларча, ҳаёсизларча куйланиши эстрадамизнинг фожеага юз тутаётганидан далолат эмасмикан?! Йигитлар истаган сўзини у қўшиқда маъно англатиш ёки англатмаслигидан қаъти назар хоҳлаганча ишлатишган.
Таклиф (хулоса ўрнида) Ушбу хонандалар аллақачон эстрадамизда ўз ўрнини топишган. Шу сабабдан, уларга битта таклиф билдирмоқчи эдим. Қўшиқни аввало матнини қоғозга тушириб, яхшилаб (то унинг маъносини тушунгунча) ўқиб чиқинг. Олдин мусиқа, ғоясини яратиб, кейин буюртма асосида шеър ёздириб, куйлашда давом этишса, бу "Топ-5”ликнинг сафи кенгайиб бориши мумкин... P/S: Балки қўшиқ матнидаги айрим сўзларни нотўғри тушунган ва ёзган бўлишимиз мумкин. Бунга хонандаларнинг сўзни нотўғри талаффуз қилиши сабаб бўлгандир...
ШОИРА тайёрлади. darakchi gazetasi
|