Канаданинг Квебек университети талабалари дунёдаги энг тежамкор автомобиллардан бирини яратганлари қайд этилди. Ноёб автомобил 100 километр масофага 0,0654 литр (!) ёқилғи сарфлайди.
Alerion Supermileage номини олган бир ўриндиқли автомобил кузови углепластикдан ишланган ва майса ўрувчи мосламанинг мотори ёрдамида ҳаракатланади. Машина 3,5 от кучига эга.
Хьюстонда ўтказилган танлов шартларига кўра тежамкор автомобиллар ўртача 34 км/соат тезликда 9,6 километр масофани ортда қолдиришлари лозим. Барча манзилга етиб келганидан сўнг сарфланган ёқилғи миқдорига кўра ғолиб аниқланади.
Танловда иккинчи ўрин соҳиби 100 км масофага 0,1 литр ёқилғи сарфлагани маълум бўлди. Жами 132 та жамоа иштирок этган танлов ғолибларига 2000 доллар мукофот топширилди. Агар мукофот пулига ёқилғи сотиб олинса ва ғолиб бўлган автомобил ҳаракатланиши учун сарфланса, бу автомобил 322 минг километр масофани ортда қолдириши мумкин.