Дунёда қанча мусулмон бор?
120 дан ортиқ давлатда ўтказилган демографик тадқиқотлар бугун дунё бўйлаб 1,57 миллиард мусулмонлар истиқомат қилишини кўрсатди. Бу рақам 2009 йил ҳисоби билан 6,8 миллиардлик дунё аҳолисининг 23 фоизини ташкил этади.
Бугун мусулмонлар ер шарининг аҳоли мавжуд бўлган барча беш қитъасида яшайдилар. Умумий мусулмон аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи Осиёда, 20 фоизи Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада истиқомат қилади. Шунга қарамай, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудуди аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатлар жойлашган зонадир.
Мазкур зонадаги 20 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларнинг ярмидан кўпида аҳолининг тахминан 95 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этади.
300 миллиондан ортиқ мусулмонлар ёки дунё мусулмонларининг ҳар бешдан бири ислом асосий дин бўлмаган мамлакатларда яшайди. Бироқ, шуни қайд этиш лозимки, ислом асосий дин бўлмаган мамлакатларда яшовчи мусулмонларнинг сони ҳам анча катта. Мисол учун, Ҳиндистон дунёда энг кўп мусулмон аҳолиси бўлган давлатлар ичида 3-ўринда туради. Хитой мусулмонлари сони Сурия мусулмонлари сонидан, Россия мусулмонлари эса Иордания ва Ливия мусулмонларининг биргаликдаги ҳисобидан анча кўп. 1,57 миллиард мусулмонларнинг 10-13 фоизини шиалар, 87-90 фоизини суннийлар ташкил этади. Шиаларнинг аксари (чамаси 68%-80%) 4 мамлакат – Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Ироқ ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур тадқиқот Pew Research Center томонидан амалга оширилган бўлиб, бутун дунё мусулмон аҳолисининг сони, жойлашуви ҳамда тарқалиш ҳудуди ҳақида ахборот берувчи энг сўнги ва тўлиқ маълумотдир.
|