Доллар нархи нега ошмоқда? Фактларни таҳлил қиламиз
@DAVOMINI_KORISH
Ўзбекистонда бир ҳафтадан бери қора бозорда доллар нархи ошмоқда. Хўш нега? Буни 100% ишонч билан ҳеч ким айта олмаса керак. Шундай бўлсада, бизга маълум бўлган фактларни жамлаб таҳлил қилишга уриниб кўрамиз, дейилади Спутник нашри хабарида.
Истисодиёт нуқтаи назаридан қараганда, доллар ҳам бир маҳсулот. Яъни сиз уни сотиб олиб ундан маълум мақсадда фойдаланишингиз мумкин. Бозор иқтисодиёти қонунлари жуда оддий: агар бирор маҳсулотга талаб ошса, унинг нархи ҳам ошади.
Мисол: бозорда ўнта зонтик сотилмоқда. Бирдан ёмғир бошландию ҳаммага зонтик керак бўлиб қолди. Лекин зонтиклар фақат 10 дона, қисқа вақт ичида ҳеч ким яна 100та зонтик бозорга чиқара олмайди. Ана шунда ўша ўнта зонтикнинг нархи кескин ошади.
Демак, биринчи хулоса доллар нархи ошиши сабаби – унга талаб ошган. Нега ҳаммага доллар керак бўлиб қолди экан деган саволга бир неча жавоб бор.
Биринчидан, айни дамда “Умра-2017” мавсуми бошланган бўлиб унга Ўзбекистондан 5000 мингдан ортиқ зиёратчилар бориб келиши режалаштирилган. Албатта уларнинг ҳар бирига ён харажатлари ва совға саломлар учун валюта сотиб олиш керак бўлади.
Иккинчидан, мана бир неча йилдан бери баҳорда ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ёппасига Россияга ишга жўнашни бошлайди. Уларга ҳам то жойлашиб, иш топгунига қадар маблағ, яъни валюта керак бўлади.
Учинчидан, долларнинг расмий давлат курси ҳам ўтган ҳафталарда кескин ошиб бормоқда. Қора бозордаги доллар курси давлат курси билан боғлиқ, чунки айрим уддабуррон долларфурушлар валютани давлат курсида сотиб олиб қора бозорда сотишади.
Бу сафарги доллар нархи ошишида ушбу сабабларнинг қай бири энг муҳим рол ўйнаганини айтиш қийин, лекин уларнинг барчаси иштирок этгани аниқ.