Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Диас Раҳматов 76 ёшида вафот этди.
Диас Раҳматов 1937 йил 28 февраль куни туғилган. 1957 йил Ҳамза номидаги академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да меҳнат фаолиятини бошлаган, 1959 йил эса Тошкент театр ва рассомчилик институтини битирган. «Суюнчи» (1982), «Келинлар қўзғолони» (1984), «Армон» (1986), «Майсаранинг иши» (1988), «Абдуллажон» (1991), «Бомба» (1993), «Ат-Термизий» (1998), «Феллини» (1999), «Кичкина одамлар» (2008) ва қатор бошқа фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.Диас Раҳматов, шунингдек, театр ва кино соҳасидан ташқари, ўзбек дубляжида ҳам самарали меҳнат қилиб, ўнлаб, юзлаб қаҳрамонларга овоз берган. Жумладан, Георгий Вицин ўзбек киноихлосмандлари орасида айнан Диас Раҳматов овози билан машҳур эди.«Тасвир» газетаси маълумотларига кўра, Диас Раҳматов туғилганида Испания озодлик ҳаракати ғалаба қозониб, унинг йўлбошчиси Хосе Диас ҳамманинг тилига тушган. Диас Раҳматовнинг отаси унга ҳавас қилиб, ўғлига Хосе Диас деб исм қўйган…Диас Раҳматов 2008 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланган.
Darakchi.uz
|