Милиция ёхуд полиция деганда, биринчи навбатда хаёлимизга форма кийган, тартиб-интизом сақлашга масъул бўлган посбон келади. Баъзи мамлакатларда, жумладан Саудия Арабистонида полицияга талайгина вазифалар юклатилганки, бунга дунёнинг ҳамма жойида ҳам дуч келмаслигингиз мумкин. Агар шу йилнинг апрел ойида бир воқеа содир бўлмаганида, балки бу орган ҳақида умуман қизиқмаган ёки эшитмаган бўлардик. Лекин гап ҳозир ўша воқеада эмас, балки воқеанинг бир инсон ҳаётини қанчалик ўзгартириб юборганида.
ХАЁЛ УЧУН ХАВФЛИ! Хуллас, сўз очганимиз махсус диний полиция махкамаси бўлиб, асосан мамлакатда бўлиб ўтадиган маросим ва тадбирларнинг дин тамойилларига қанчалик мос келишини назорат қилади. Ўрнатилган тартиб-интизомни бузган шахслар эса ҳибсга олиниши мумкин. Худди шу ташкилот апрел ойи ўрталарида Бирлашган араб амирликларидан Ар-Риёдда бўлиб ўтган маданият фестивалига ташриф буюрган 3 нафар йигитни нафақат қўлга олди, ҳатто мамлакатдан чиқариб юборди. Бунга йигитларнинг ташқи кўриниши хаддан зиёд чиройли экани сабаб қилиб кўрсатилди. Полициянинг фикрича, улар маҳаллий хотин-қизларнинг эътиборини тортишлари мумкин эди, бунга эса йўл қўйиш мумкин эмас. Уларни хаёл учун хавфли деб топишди!
ЎША СИЗМИ?! Маҳаллий полиция тажрибасида бу биринчи ҳолат эмас, шунинг учун ҳам улар бунга унчалик эътибор беришмагани бор гап. Қолаверса, полиция ўз вазифасини адо этганди холос. Лекин кутилмаганда ушбу воқеа дунё матбуотида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бунга "ҳайдалган” йигитлардан бирининг интернетдаги фаоллиги ёрдам берди, десак муболаға бўлмайди. Депортациядан кейин Facebook ижтимоий тармоғида Умар Бурқон ал-Ғала исмли фойдаланувчи тармоққа кўркам йигитларнинг депортация қилингани ҳақидаги хабарни илова қилади ва унга "бу ҳақда бугун дунё гапирмоқда” деб изоҳ қолдиради. Ал-Ғаланинг ушбу қайди қисқа фурсатда, минглаб "лайк”ларни йиғди ва орадан бироз ўтиб, кўпчилик ушбу хабарнинг эгаси аслида ўша ҳайдалган йигитлардан бири бўлиши мумкинлигини тахмин қила бошлашди. Ўз навбатида дубайлик Умар ҳам буни инкор қилгани йўқ. Қолган яна икки йигит эса ўзларини ошкор қилишни исташмади. Чунки...
ТАНҲОМАН-ТАНҲО Ал-Галанинг интернетдаги фаоллиги том маънода унинг фойдасига ишлади, десак хато бўлмайди. Ижтимоий тармоқда миллионлаб мухлислар орттирган йигитча сал ўтиб барчани энди ўз сайтига таклиф қилди. Кейин эса матбуотга кўплаб интервьюлар беришни бошлаб юборди. Журналистлар билан суҳбатда Умар Бурқон ал-Ғала унга бўлаётган эътибор, айниқса қизларнинг қизиқишидан хурсандлигини яшираётгани йўқ. Унинг айтишича, ҳозирда уни кўчаларда ҳам танишмоқда ва бирга суратга тушишни таклиф қилишмоқда. Қолаверса, унинг ўзи ҳам интернет орқали янги танишлар орттиришдан чарчамаяпти. «Ҳар куни мухлисалардан минглаб хатлар оламан!» — деб фахрланади ал-Ғала.
АЗИЗИМ СЕН ҚАЙДАСАН? Журналистларнинг ишқий муносабатлари ҳақидаги саволга, ал-Ғала айни пайтда ҳеч ким билан яқин муносабатда эмаслиги, орзуидаги маликани излаётганини маълум қилди. Яқинда унга маҳлиё бўлиб қолган мухлисалардан бири туғилган куни муносабати билан Mercedes G55 автомобилини совға қилди. «Мен бу аёлни танимайман. Бизникига бир киши келиб, ҳужжатларга қўл қўйишимни сўради ва мана шу автомашина меники эканлигини айтди. Бу жуда ажойиб!» — дейди ташқи кўриниши туфайли "қувилган” йигитча.
МЕН ЮЛДУЗМАН Эътироф этиш жоизки, Ар-Риёддаги воқеа дубайлик манекеннинг нафақат шахсий ҳаётига, балки ишига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Модел йигит бир неча янги фотосессияларда иштирок этди. Йил тақвимларида унинг суратларини чоп этишга талабгорлар кўпайиб кетди. Бундан ташқари у ҳатто қисқа метражли "51” деб номланган фильмда машҳур актёр Навид Нигаҳбон билан суратга тушди. МЕЪЁРНИ БИЛИШ МУҲИМ Лекин воқеаларнинг бу тахлит давом этиши "қаҳрамонни” бироз таҳликага солди шекилли, кўп ўтмай у оила аъзолари билан Канадага кўчиб кетди. Янги жойда ўзини яхши ҳис қилаётгани ва маҳаллий шароитга анча кўникиб қолганлигини маълум қилган Ал-Ғала, кучли эътибор туфайли ҳаволаниб кетмаслик учун шундай йўл тутганини таъкидламоқда. Қайсидир маънода у ҳақ. Чунки чирой, ҳусн ўткинчи, одам бу дунёда фақат онги ва тафаккури билан азиздир.
|