Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бола ўғирлаш ва уни озод этиш эвазига пул талаб қилиш жинояти содир этилди. Бу ҳақда Чилонзор тумани прокурори ёрдамчиси Ғофур Жўраев «Новый век» газетасига маълум қилди, деб ёзади kun.uz. Воқеа қачон содир бўлгани ҳақида маълумот берилмаган. Маълум бўлишича, компьютерларни таъмирлаш билан шуғулланувчи фирма директори Искандар Холматов топшириғи билан, фирма ходими Шерзод Ғаниевнинг Фарҳод исмли таниши ўғирланган. Фарходнинг отаси бадавлат киши экани айтилмоқда. Ўғирликни Холматовнинг ҳамкорларидан бири Эркин Ваҳобов бажарган.
Фарҳод кўчада Шерзод Ғаниев билан бирга компьтерларни таъмирлаш ҳақидаги эълонларни ёпиштириб юрганида, Эркин Ваҳобов ўзини худди нотаниш кишидек тутиб, йигитлардан компьютерини тузатиб беришни илтимос қилган. Фарҳод ва Шерзод Ғаниев Эркин Ваҳобовнинг хонадонига келганидан сўнг, Фарҳод бир хонага қамаб қўйилган ва отасига қўнғироқ қилиши талаб этилган.
Эркин Ваҳобов Фарҳоднинг отаси билан телефонда қўполлик билан сўзлашиб, боласи учун 20 минг доллар товон пули тўлаши керак эканлиги, йўқса бола ўлдирилишини айтиб таҳдид қилган. Кечга томон Фарҳоднинг отасига қўнғироқ қилинганида, ота айтилган пулнинг ярмини битта машинасини сотиб йиққанини маълум қилиб, қолганини йиғиш учун яна вақт сўраган. Шундан сўнг Эркин Ваҳобов Фарҳоднинг телефонини синдириб ташлаган ва алоқа узилган.
Фарҳоднинг отаси ўғрилар билан биринчи алоқадан икки соат ўтиб воқеа ҳақида милицияга маълум қилган. Милициянинг оператив бўлим ходимлари телефон қўнғироқлари орқали бола қаерда эканлигини аниқлашга ҳаракат қилишган, бироқ алоқа узилганидан сўнг кейинги қўнғироқни кутишга мажбур бўлишган. Ҳар эҳтимолга қарши ҳақиқий 10 минг доллар ёнига сохта 10 минг доллар қўшиб, тайёрлаб қўйилган.
Фарҳод эса кутилмаганда эртаси куни эрталаб озод қилиб, уйига жўнатиб юборилган. Эркин Ваҳобов ва бошқалар нима учун бундай қарорга келгани ҳақида газетада батафсил маълумот берилмаган. Бола ўғриларига ҳеч қандай товон пули тўланмаган ва ўғирланган бола уйига соғлом қайтган.
«Новый век» хабарида ёзилишича, судгача жиноятнинг бир қатор иштирокчилари Ўзбекистонни тарк этишга улгурган, бироқ айнан кимлар мамлакатдан чиқиб кетгани аниқ кўрсатилмаган. Хабарда қайд этилишича, Эркин Ваҳобов олти йилга озодликдан маҳрум этилган, Шерзод Ғаниев эса 3,5 йилга ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм этилган.
|