Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 7-мавзесида учта трамвай иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Anhor.Uz’нинг ўз ўқувчиси тақдим этган маълумотга асосланиб хабар беришича, ҳодиса 9 июнь куни, соат 22:00-23:00 оралиғида содир бўлган.
Маълум бўлишича, ичида йўловчилари бўлган 9-йўналишдаги трамвай бекатда тўхтаб турган вақтда, ичида йўловчилари бўлмаган ва депога қайтиб кетаётган бошқа – 26-йўналишдаги трамвай орқадан келиб тўқнашув содир этган.
Бу вақтда эса уларнинг ортидан жуда катта тезликда учинчи трамвай “учиб келиб” урилган. Қайд этишларича, тўқнашув зарбидан учинчи трамвайнинг кабинаси қавариқ бўлиб қолган.
Маълум қилишларича, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган. Бироқ, авариявий ҳолатга тушиб қолган учта трамвай маълум вақтга трамвайлар қатновини издан чиқарган.
|