Жиноятга қўл урган ёш йигитча қўшни кампирнинг милицияга хабар беришидан қўрқиб унга пичоқ билан зарба берди.
Қиш кунларининг бирида Чилонзорда яшовчи танишининг ўйига келиб, уни тополмаган Мехти Сулаймонов (исм фамилияси ўзгартирилган) бироз исиниб олиш учун пастки қаватда яшовчи таниш кампирнинг эшигини тақиллатади. Олтмиш ёшни қаршилаган аёл қўшнисининг оғайнисини яхши билгани сабабли, унга раҳми келиб ичкарига киритади.
Меҳмонни залга олиб кирган аёл тезда чой дамлайди. Совуқдан карахт бўлиб қолган Мехти эса бироздан кейин танасига иссиқ ўтиб, у ёқ бу ёққа аланглайди ва сервантга кўзи тушади.
Мехти уй бекасининг айнан шу ерда пулларини сақлашини билар эди. Кампирнинг бир ўзи яшашини ўйлаб, пулларни ўғирлашга қарор қилади. Таниш аёл чойни янгилаш учун ошхонага чиққанида Мехти ўша заҳоти ўрнидан туриб, сервантни очади. Қўлига илинган бир даста пулни олиб, шоша-пиша чўнтагига тиқади-да, яна ўрнига қайтиб ўтиради.
Орадан бироз вақт ўтиб, бека нима учундир сервантни очади ва пуллари йўқлигини сезади. У Мехтидан пулларини сўрайди, рад этгач милицияга хабар бермоқчи бўлади. Қўрқиб кетган Мехти стол устидаги пичоқнинг сопи билан эндигина телефонни қўлига олган аёлнинг бошига кетма-кет зарба беради. Бунга қониқмай, тиғ томони билан яна уради. Аёл ерга йиқилгандан кейин, даҳшатга тушган жиноятчи оғайниси Артурни чақиради.
Оғайниси келгач, ичкарига кирган Мехти гўёки хонадонга босқинчилик уюштирилган деган таассурот қолдириш учун, ҳамма ёқнинг тўс-тўполонини чиқаради. Кейин эса кўчада такси ушлаб, иккови тиббиёт академияси томон йўл олишади. Йўл-йўлакай Мехти машинани тўхтатиб, пичоқ билан эгнидаги қон юқи бўлган курткасини анҳорга ташлаб юборди. Артурга эса бу ҳақда гуллаб қўймаслигини тайинлайди.
Кўп ўтмай, атиги 28 минг сўмни дея қотилликка қўл урган жиноятчи ушланди. Уларнинг иккови ҳам ҳали йигирма ёшга кирмаган йигитчалардир. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан ҳар иккала айбланувчига қилмишларига яраша тегишли жазо тайинланди.