Уларга пойтахтдаги компаниялардан бирининг ходими яқиндан ёрдам берди
Навоийлик Рустам,Суҳроб ва Воҳид исмли шахслар Тошкентга ёвуз мақсадда йўл олишди. Пойтахтда уларни асли бухоролик бўлган, Тошкентдаги компаниялардан бирида ишловчи Мафтун исмли шахс кутиб олди. Фирибгарлар Мафтундан ўғрилик қилиш учун бадавлат хонадонлардан бирини топиб беришини сўрашган.
"Постда” газетасининг ёзишича, нуфузли корхонада яхшигина маош эвазига бекаму кўст ҳаёт кечириб келган Мафтун катта маблағ эвазига уларга ёрдам беришга рози бўлган.
Олиб борилган суриштирувлар натижасида ўғрилик Тошкент шаҳар Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Ш. исмли шахснинг хонадонида содир этилгани аён бўлди. Жиноятчилар ушбу хонадондан 150 миллион сўмлик заргарлик буюмлари ва нақд пулларни ўмариб кетишган. Тезкор тадбирлар натижасида жиноятчилар ўғирланган буюмларни пуллаётган вақтда қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур жиноят юзасидан тергов иши қўзғатилган.
Материалдаги исмлар ўзгартирилган