Масжид қурилаётган эди, катта қурилиш…
Имом мавъизадан сўнг эълон қилди:
– Биродарлар, ким қанча қурби етса…
Бир ҳафта ўтди: жимлик. Наҳот юртдан ҳиммат кўтарилган бўлса?!
Имом кейинги жума мавъизадан сўнг яна хайру саховатдан гапирди.
– Биродарлар, ким нима топса…
Яна жимлик.
Қурилиш орқага қараб кетаверди. Имом дуо қилди: "Ё, Раббий, гуноҳларимизни афу эт!..”
Маҳаллада Мирзааҳмад исмли бир девона яшарди. Кимдандир эшитиб қолди: ка-ат-та масжид қурилармиш.
Омбордан замбилғалтагини олиб чиқди-да, уйида бор ғиштларни юклади: ўн еттита чиқди. Масжидга сургалади.
Имом боши қотиб ўтирган эди.
– Ма, мачитингни қуриб ол,– деди, Мирзааҳмад девона.
Имомнинг кўзи маъюсланди:
– Шугина ғишт билан мачит қуриб бўладими?
Мирзааҳмад:
– Ман қаттан билай? – деди-да, ғиштларни бир чеккага ағдариб, замбилғалтагини ғилдиратиб, ҳовлидан чиқди-кетди.
Кейинги жумада имом дуо қилди:
– Биродарлар, Мирзааҳмад ака масжидимиз қурилишига ўн етти дона ғишт эҳсон қилдилар, Аллоҳ даргоҳида қабул этсин…
Издиҳом бир қалқигандай бўлди: "Омий-йн…"
Эртаси кимдир масжид эшигига ўн етти минг дона ғишт тўктириб кетибди. Кейин кимдир яна ўн минг… яна… ...кимдир ёғоч, қум дегандай…
Шундай қилиб, бор-йўғи ўн етти донагина ғишт ва яна озгина ҳиммат ила маҳаллада тез орада улкан ва кўркам масжид қад ростлади.
Гувоҳ: Эркин Малик
Котиб: Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
------------------------------------
Баъзида шу ўн еттита ғишт етмай тургандек бўлади...
|