Германия терма жамоаси сардори Михаэль Баллак 2018 йилги Жаҳон Чемпионатини Англияда ўтказиш таклифини қўллаб қувватлади. Лондон "Челси" клуби ярим ҳимоячисининг сўзларига кўра, Англия дунёнинг энг яхши футболчилари қатнашадиган катта мусобақаларни ўтказиш борасида катта тажрибага эга. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Баллакдан ташқари Англия заявкасини яна бир неча ўн футболчи қўллаб қувватлади. Улар орасида германиялик футболчининг клубдошлари Жон Терри ва Майкл Эссьен, шунингдек "Манчестер Сити"нинг бразилиялик ҳужумчиси Робиньо ҳам бор.
Англия 2018 ёки 2022 йилги Жаҳон чемпионатини қабул қилиш борасида ариза топширган. Ушбу мусобақаларни ташкиллаштирувчи мамлакатлар номи 2010 йилнинг декабрь ойида маълум бўлади.
ЖЧ-2018 ва ЖЧ-2022 мусобақаларини қабул қилиш учун Англиядан ташқари Россия, АҚШ, Австралия, Япония, Индонезия, шунингдек Испания ва Португалия (биргаликда) ҳамда Голландия ва Бельгия (биргаликда) даъвогарлик қилмоқда. Жанубий Корея ҳамда Қатар фақат 2022 йилги мундиал баҳсларини қабул қилиш учун даъвогарлик қилмоқда.
|