Қиш мавсумида йўлларда автомобиллар сони бироз камаяди, чунки айрим ҳайдовчилар музлама йўлларда таваккал қилмасликни маъқул кўрадилар.
Қиш мавсумида йўлларда автомобиллар сони бироз камаяди, чунки айрим ҳайдовчилар музлама йўлларда таваккал қилмасликни маъқул кўриб, вақтинча жамоат транспортидан фойдаланадилар. Бундан ташқари совуқ ҳавода машинага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратишга тўғри келади. Қуйидаги маслаҳатларимиз айнан ана шулар ҳақида
Эшик қулфи музламасин десангиз...
Ёғингарчилик вақтида автомобиль эшикларининг қулфлари яхлаб қолиши мумкин. Бунинг олдини олишнинг бир неча усуллари бор. Калит солинадиган жойга кичик магнитни ёпиштириб қўйсангиз, тешикка сув кирмайди ва музлашнинг олди олинади. Ёки калитни тормоз суюқлигига ботириб олиб, кейин бир неча бор қулф тешигига киргазиб-чиқаринг. Тормоз суюқлиги уни музлаб қолишдан сақлайди. Шунингдек, эшиклардаги резиналарни ҳам қуруқ ҳолда сақлашга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уйга келгач резиналарни қуруқ мато билан яхшилаб артиб чиқиш кифоя. Шунда улар бир-бирига ёпишиб, яхлаб қолмайди.
Ойна бутун бўлсин
Айрим ҳайдовчилар қиш мавсумида транспорт воситасини йўналишга тайёрлашда хатоликларга қўл қўйишади. Маълумки, совуқ кунда йўлга чиқишдан олдин автомобиль двигатели қиздирилади. Двигател билан баробар салон иситгичи ҳам ишга туширилади. Лекин, аксарият ҳолларда ҳайдовчилар аввал двигателни, кейин салон иситгичини қиздиришади. Бу эса кечаси билан совуқ ҳавода турган ва қисман музлаб қолган олд ойна иссиқ ва совуқнинг кескин тўқнашуви сабабли синишига сабаб бўлади. Шу боис, двигател билан баробар иситиш мосламасини ҳам ёқиш мақсадга мувофиқ.
Автомобилнинг "оёғини” алиштиринг
Қишда ҳайдовчи, энг аввало, автомобиль шиналарининг ҳолатига эътибор қаратиши керак. «Тишлари» едирилиб кетган шиналар қиш мавсумига умуман тўғри келмайди. «Тишлари» бутун бўлган тақдирда ҳам, айрим шиналар ёзги иқлимга мослаштирилганлиги туфайли, улардан қишда фойдаланиш хавфли.
Пиёдалар диққатига
Йўллар сирпанчиқ бўлган вақтда транспортлар оқими орсидан югуриб ўтишга уринманг. Сирпанчиқ тезлигингиз ва мувозанатингизга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, сирпанчиқ йўлда транспорт воситасини кескин тўхтатишнинг имкони бўлмайди. Шундай экан, таваккал қилишга ҳожат йўқ.
Янги ҳайдовчиларга маслаҳат
Транспорт воситасининг тезлик тепкисини қанча боссангиз, тезлик шунча ошиб бораверади. Лекин музлама йўлларда тормоз тепкисини ҳар қанча босманг, автомобилни ўша заҳоти тўхтатишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳаракатланиш вақтида йўлнинг ҳолатига алоҳида аҳамият бериш зарур. Кўприклар, йўл ўтказгичлар устидаги музламалар кўпроқ сақланиб туришини унутманг. Қиш мавсумида автомобилни кутилмаган тўсиқларни айланиб ўтиш ёки кескин тўхташ имконини берадиган тезликда бошқариш тавсия этилади.
Занжирларлар ёрдамга келади
Сирпанчиқ йўлларда фойдаланишга мўлжалланган турли мосламалар мавжуд. Шулардан бири автомобил ғилдиракларига ўрнатиладиган занжирлардир. Улар тоғли йўлларда, тик тепаликлар ва кескин пастлайдиган жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. Занжирларни шиналарга ўрнатиш ва ечиб олиш унчалик мушкул эмас. Унинг биргина камчилиги автомобил ҳаракатлантирувчи механизмини ишдан чиқаришидир. Занжир тақилган тақдирда ҳам йўлларнинг сирпанчиқлигига эътибор қаратинг ва тезликни соатига 50 километрдан оширманг.