Бинонинг чап томонидаги товуқ гўшти маҳсулотлари сотиладиган қисми аланга домида қолди.
"Қатортол" савдо мажмуасида 23 сентябрга ўтар кечаси яна ёнғин содир бўлди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 август санасида ҳам Чилонзор туманида жойлашган ушбу мажмуада йирик ёнғин рўй берганди. Ўшанда ёнғин натижасида савдо комплексининг биринчи ва иккинчи қаватида жойлашган озиқ-овқат ва кийим кечак савдо дўконларининг 20 фойизи зарар кўрган эди. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчурувчилар томонидан ёнғин бартараф этилган, жарохат олганлар қайд этилмаган.
Ўша офатдан маълум вақт ўтиб, мажмуадаги айрим дўкондорларга эски бинонинг олдида қад рослаган янги бинонинг ертўласи ва биринчи қаватидан жой ажратиб берилди. Мажмуанинг товуқ гўшти маҳсулотлари сотиладиган чап қанотида эса иш давом эттириб келинаётганди. Бинонинг айнан мана шу қисми бугунги ёнғиндан зарар кўрган. Хали аниқ сабаби келтирилмаган ушбу ёнғин 60 кв.метр майдонни эгаллаган.