Яна катта шов-шув бошланди. Яна Асалхўжаева билан боғлиқ. Яна янги "плагиат”! Мавлуда билан бошқа нарсани боғлаб бўлмай ҳам қолди. ОАВ гапириб-гапириб охир чарчади. Чунки, опа-сингил Асалхўжаевалар туркча тароналарни ўзбекча ўгиришда "устаси фаранг”лардан.
Мавлуданинг характерини кўпчилик мақтайди. Тўйларни қиздиришда, айниқса, стол ёнига бориб меҳмонларнинг қўлидан тортиб, даврада ўйнатишда, фонограммани ҳам чала-чулпа куйлашда илдамчи, донғи кетган! Яна янги сифати бор, аксарият қўшиқлари турк шоу-бизнесидан. Унга нима етмайди, бастакорларнинг яхши ижод намуналарими ё ички қалб туғёнлари, ўзбекона ижодкорлик?! Ёш санъаткорларга "мана ундан ўрнак ол” дейдиган қайси қўшиғини ибрат қилиб кўрсатиш керак? Санъаткорнинг вазифаси омманинг кўзига чўп суқиб, бировнинг таҳоратига намоз ўқиб, ўғирланган қўшиқларга клип суратга олиб, бизнес қилиш дегани эмас-ку?
Асалхўжаева Ватан, Она, Ота, Ишқ, Халқ ҳақида бирон қўшиқ қилиб, клипи учун пул сарфлагани ҳақида умуман эслолмайман. Балки бўлса ҳам, зангори экранда ақалли бир маротаба кўрмаганмиз. Гоҳ стол устига чиқиб эркалик қилса, гоҳ ҳирсга тўла шаҳвоний сўзлар билан нолалар қилади...Буларга ҳам кўз юмдик. Шўхликдан сокинликка ўтиб янги клип қилганидан "энди ўзига келибди” дея қувондик. "Олма-анор” дея компьютерда ясалган хазонли боғ ичида куйлаб юргани ҳам "плагиат” бўлиб чиқди!
Тожик ОАВлари эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистни бугун "қароқчи”ликда айлаб бот-бот қораламоқда.
Таниқли продюсер Беҳруз Зеваров матбуотга Шабнам Сурайё ижросидаги таронани куйлашга Мавлуда Асалхўжаевага рухсат берилмагани ҳақида маълум қилди. "Ашки чашмон” ("Наравад” қўшиқнинг асл номи) Шабнам ижросидаги оммалашган тароналардан бўлиб, Фарходи Милод мусиқаси, Роберт Мирзоян аранжировкаси билан яратилган. Қўшиқ Шабнамнинг "Хаёли сабз” албомига киритилганини алоҳида таъкидлайди.
Мавлудага кўра, қўшиқ муаллиф рухсати билан куйланган. Бироқ, ҳеч қандай рухсатдан хабари йўқ Сурайё ўзбек ҳамкасбини халқаро муаллифлик ҳуқуқи билан шуғулланувчи ташкилот орқали судга беришга ҳам эришди. Уларнинг фикрича, "Олма-анор” "Ашки чашмон”нинг "ўғирланган” варианти!
Бу не ҳол? Мутасаддилар Асалхўжаевага муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қачон яхшилаб уқтириб қўйишади?! Яхшиям, турклар Мавлуданинг ижодидан бехабар. Акс ҳолда улардан бир нечтаси отни олдинроқ қамчиларди!
Кўза кундамас, кунида синади деб шуни айтади. Сал огоҳ бўлмасангиз ё вазиятдан тўғри хулоса чиқармасангиз, синадиган кўзанинг ўзи ҳам қолмайди. Кейин-чи? Буёғи ўзингизга ҳавола. "Ажаб бўпти” қабилида бундан баттарроқ "қасдма-қасд ўғирлик ижоди”ни давом эттираверсангиз, виждон саволлари олдида қандай жавобларни ҳозирлайсиз, хоним Асалхўжаева?
Жасур ҲАМРОЕВ