Уругвай ҳам бесоқолбозлик томон яна бир қадам ташлади.
Чоршанба куни Уругвай қуйи палатаси мамлакатда битта жинсли фуқаролар никоҳига рухсат берувчи қонун лойиҳасини мақуллади. Бу ҳақда лотин америкаси ОАВ хабар берган.
Ҳужжатни тайёрлаган ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, бундан кўзланган мақсад томонларнинг қандай жинс эгаси эканидан қатъий назар никоҳ институтининг барча форматлари ҳуқуқларини тенглаштиришдан иборат. "Бугун биз Уругвайда янада эркинроқ бўлдик", — деб ёзади ушбу ҳужжатни ёқлаган депутатлардан бири Хулио Банго ўзининг Twitter даги саҳифасида. Энди мазкур ҳужжат 2013 йил бошида парламент юқори палатаси томонидан кўриб чиқилиши керак. Кейин эса у президентга юборилади.
Маълумотларга кўра, сўнгги 6 йилдан бери Уругвайда бесоқолбозларнинг ҳарбий хизматни ўташига, фуқаролик уюшмаларида иштирок этишига, фарзанд асраб олишига ва жинсини ўзгартиришига рухсат бериб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кейинги йилларда шу каби ҳолатлар қатор ғарб мамлакатларида кенг авж олмоқда. Хусусан, куни кеча АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ҳам шундай кишиларнинг никоҳдан ўтишига қонунан рухсат берилган бўлса, Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳам бу борада қонун қабул қилиниши тарафдори эканини эълон қилди.
Бугунга келиб бундай иллатлар демократия, инсон ҳуқуқлари, тенг ҳуқуқлилик ниқоби остида кенг тарғиб қилинаёгани ташвишланарли ҳолдир. Агар голливуд фильмларида анчадан буён бесоқолбозликка оид лавҳаларни қистириб кетиш одат тусига айланган бўлса, бизга таниш ва кўнгилга яқин ҳинд фильмларида ҳам бу иллатнинг учқунлари тез-тез кузатила бошланди. Энг даҳшатлиси кейинги йилларда хусусий студиялар томонидан суратга олинган айрим ўзбек фильмларида (андиша қилиб номларини келтирмадик) шунга яқин саҳналарнинг пайдо бўлаётгани. Жамият таназзулига олиб борувчи бу каби "ташаббус"ларга қарши курашиш учун эса соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларни юксак маънавиятли кишилар этиб камол топтириш, уларнинг тарбияси, юриш-туришига бефарқ бўлмаслик талаб этилади.
Четдан назар солганда ўзаро танишув, янги дўстлар орттириш, мулоқот қилиш учун хизмат қиладиган айрим ижтимоий тармоқ ва танишув сайтлари аслида юртимиз келажаги бўлмиш ёшлар, ўсмирлар тарбиясининг бузилишига олиб келаётган, беҳаё гаплар, уятсиз фото ва видеолар тўпланадиган "иблислар" маконига айланиб қолаётганини тан олмай иложимиз йўқ. Шундай экан, кўзни каттароқ очиб, қадамни ўйлаб босишга тўғри келади...